Илҳом Неъматов: ЕОИИга кириш бизга фойдали, музокаралар давом этмоқда

Илҳом Неъматов: ЕОИИга кириш бизга фойдали, музокаралар давом этмоқда

Ўзбекистонга ЕОИИга кириш фойдалироқ бўлган бўларди, ҳозир бу масала фаол муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда РИА Новостига Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов маълум қилди.

“Ҳозир бу масала жуда синчковлик билан ўрганилмоқда. Ўрганишлардан кейин тарозига солиб кўрилади ва қарор қабул қилинади”, - деди Илҳом Неъматов.

“Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, саноати, қишлоқ хўжалиги ўсмоқда. Экспорт ҳажми ошмоқда. Бизга бозор, майдон керак. Бу майдон қаерда? Бу майдон Қозоғистон, Россия, Қирғизистонда ва улар ЕОИИ аъзоларидир. Шунинг учун тўғрисини айтаман – мен иштирок этиш тарафдориман. Фақатгина иқтисодий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда... Яна бир аҳамиятга эга бўлган омил – демография. Аҳоли ўсмоқда, йилига 700 минг кишига кўпаймоқда. Табиий, биз 700 мингни пропорционал иш билан таъминлай олмаймиз. Бу нимага олиб келади? Миграцияга. Халқимиз қаерга миграция қилади? Россияга, Қозоғистонга. Ушбу омил ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқин алоқаларни сақлашини белгилайди. У ерда аъзолар (мамлакатлар) учун, мигрантлар учун бошқа шароитлар. Шу боис мен ушбу шароитлардан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишимиз лозим деб ҳисоблайман”, - дея қайд этди у.

Неъматовнинг тахминларига кўра, бу борадаги музокаралар яқин кунларда якунланиши мумкин.

“Ҳозир, фикримча, (масала) тезлаштирилмоқда. Яқинда, декабрь бошида Силуанов жамоаси (Россия молия вазири Антон Силуанов – таҳр.) Самарқандда бўлган эди. Демак, музокаралар олиб борилмоқда. Эҳтимол, тез орада якунланади. Ўйлайманки, яқин кунларда якунлашади”, - деди Неъматов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар