COVID-19 карантин чекловлари: жаҳондаги вазият

COVID-19 карантин чекловлари: жаҳондаги вазият

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошидаги Халқаро мунозара клубининг илк учрашуви ушбу мавзуга бағишланди.

Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида Халқаро мунозара клуби ташкил этилди.

Мунозара клуби фаолияти доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:

  • ислоҳотларни амалга оширишдаги долзарб масалаларнинг жамоатчилик муҳокамасига маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилиш;
  • давлат органлари, ҳокимлик ва идораларининг самарали фаолиятига доимий баҳо бериш тизимини йўлга қўйиш учун аҳоли ва мутахассислар орасида сўровлар ўтказиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида илгари сурилган асосли таклифларни уларнинг жамоатчиликдаги муҳокамасини инобатга олган ҳолда қайта ишлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш учун доимий жамоатчилик эшитувларини ташкиллаштириш;

Жорий йилнинг 8 июль куни Халқаро мунозара клубининг “COVID-19 карантин чекловлари: жаҳондаги вазият” мавзусида илк учрашуви ўтказилди. Унда аҳолининг эпидемиологик осойишталик ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларига ихтисослашган парламент, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари, Европа, АҚШ экспертлари бевосита ва видео-конференц алоқа орқали иштирок этдилар.

Сўз — тадбир иштирокчиларига:

Акмал БУРХАНОВ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси:
— Бугун бутун дунё ҳамжамиятининг диққат марказида COVID-19 пандемияси бўлиб турибди. ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 12 млнга яқин одам коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланган, шу жумладан, 550 мингга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилган. Тўғри, Ўзбекистонда бу кўрсаткичлар нисбатан анча кам. Чунки касаллик тарқалишининг биринчи босқичида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан бир қатор шошилинч чоралар кўрилди. Лекин, афсуски, охирги кунларда бизда касалланганлар сони кундан-кунга рекорд даражада кўпаймоқда. Шунинг учун ҳам республика бўйлаб яна карантин чекловлари қайтадан жорий этилди. Бу чекловлар қачондир жиддий ижтимоий-иқтисодий асоратларни келтириб чиқаради ва энг ёмони, аҳоли бандлиги масаласи яна кун тартибига чиқади. Бугун вазият кўрилаётган чораларни доимий таҳлил қилиб боришимизни тақозо этмоқда.

Ронни ХАЙНЕ, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили:
— Германияда пандемия мобайнида аҳолининг яшаш шароити учун керакли чоралар кўрилди. Алоҳида пайтда мамлакатда қийин вазият юзага келди, яъни касалланиш ҳолати экспонент бўйича ортди. Бу вақтда Конрад Аденауэр номидаги жамғармаси пайдо бўлган муаммолар ечимига ҳисса қўшиш, халқаро тажриба билан бўлишиш учун ўзининг экспертлик кўмагини таклиф қилди. Хусусан, карантин пайтида қандай йўл тутиш керак? Карантин иқтисодиётга қандай таъсир қилади? каби саволларга жавоб изланди. Айни пайтда Германиянинг алоҳида ҳудудларида карантин чекловлари олиб ташланиши, бошқаларида эса юмшатилиши мумкин. Инқирозни енгиб ўтиш учун мақсадли чоралар кўрилмоқда.

Умид АБИДХАДЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари:
— Айни вақтга қадар айнан коронавирус инфекциясига чалинганларни даволаш, карантинда сақлаш, тест тизимлари учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 745 млрд сўм маблағ сарфланди. Ушбу жамғарма маблағларидан нега кичик бизнес корхоналари субсидиялар билан қўллаб-қувватланмади, деган саволлар бўлмоқда. Марказимиз томонидан 165 давлат тажрибаси, пандемия даврида қўллаган чоралари ўрганилди. Ҳар бир давлатнинг ўз иқтисодиётидан келиб чиққан моделлари бор. Ўзбекистон тадбиркорларга тўғридан-тўғри моддий ёрдам кўринишида эмас, кредит тўловларини кечиктириш, солиқ имтиёзлари кўринишида кўмак кўрсатди.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасига Осиё тараққиёт банкидан 500 млн доллар, Жаҳон банкидан 700 млн доллар, Халқаро валюта жамғармасидан 375 млн доллар маблағлар жалб қилинган. Бу маблағлар қаерга сарфланаётгани бўйича Молия вазирлиги шаффоф фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир йўналишда ҳисоботларни чоп этмоқда. Ҳозирги вазиятда ижро ва интизом масалалари биринчи ўринга қўйилиши лозим. Биз бугунги кунда карантин чоралари натижасида қийин аҳволга тушган тадбиркорлар ҳолатини ўрганиш бўйича германиялик ҳамкорлар билан махсус сўровномалар ташкил қилаяпмиз. Бунда 997 та корхоналар билан боғланиб мавжуд ҳолат, уларнинг кайфиятлари ўрганилди. Сўровнома қатнашчиларининг 41 фоизи мавжуд вазиятни “яхши”, 42 фоизи “қониқарли” ва 17 фоизи “ёмонлашган” дея баҳолашди. Худди шу каби бу борада истеъмолчилар кайфияти бўйича ҳам тадқиқотлар юритилмоқда.

Ибрат САФО, BBC муҳбири (Буюк Британия):
— Ҳозир бутун дунёдаги аҳволни давлатлар эмас, одамлар эмас ёки халқаро ташкилотлар эмас, коронавирус белгилаяпти. Қаердадир карантин чоралари юмшатиляпти, қаердадир қатъий чекловлар яна қайтариляпти. Карантин юмшатилиши билан яна унга қайтиш бу - табиий ҳолат, яъни бир қадам олдинга, икки қадам орқага тамойили бўйича иш кўриляпти. Британияда ҳам дўконлар, барлар, ресторанлар очилиши ортидан Лестер шаҳри яна тўла қаттиқ карантинга киритилди.
Ҳукумат ҳам корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш чораларини кўраяпти. Ёшларни ишга олган корхона эгаларига 1000 фунт маблағ тўлаб бериш амалиёти киритилмоқда. Ўзини ўзи иш билан таъминлаган якка тадбиркорларга ёки даромадсиз қолган одамларга моддий кўмак бериш режалаштирилган. Мен бу вазиятга "Қанд ва қамчи" иборасини қўллаган бўлардим. Яъни айрим давлатлар фақат қамчи билан уриб қийнамасдан, қанд бериб ҳам сийлаяпти.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar