Синов тариқасида чиқиндиларни саралаган ҳолда йиғиш тажрибаси бошланди

Синов тариқасида чиқиндиларни саралаган ҳолда йиғиш тажрибаси бошланди

3 декабрь куни пойтахтимиздаги 144-мактабда чиқиндиларни саралаган ҳолда йиғиш тажрибаси учун танланган Яккасарой тумани, Муқимий номидаги маҳалла аҳолиси билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Маҳалланинг барча уйлари учта пластик ва қоғоз учун алоҳида, озиқ-овқат чиқиндилари учун алоҳида ва бошқа турдаги чиқиндилар учун алоҳида урналар билан таъминланади. Шунингдек, шиша ва зарарли чиқиндилар (қувват батареялари, лампалар, телефон ва телевизорлар) алоҳида йиғилади. “Махсустранс ИЧБ" ДУК машиналари ҳафтанинг маълум бир кунида чиқиндиларнинг маълум турларини олиб кетишади.

Йиғилишда “Махсустранс ИЧБ” ДУК бош директорининг ўринбосари Шерзод Каттаходжаев сўзга чиқиб, чиқиндиларни саралаш зарурияти, уларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёни ҳақида сўзлаб берди. Руҳшунос Раиса Тожибоева эса тушунтириш ишларини олиб бориб, қайси турдаги чиқинди қаерга ташланиши кераклигини кўрсатди. Барчаси оддий ва тушунарлидек туюлади, лекин таснифлаш қийин бўлган чиқиндилар ҳам учрайди, уларни умумий чиқиндиларга ташлаш тавсия этилади. Пластик идишлар қайта ишлангандан сўнг ишлаб чиқариладиган пластик пахта кўрсатилиб, у юмшоқ мебель анжомларини ичини тўлдириш ва девор қопламалари орасини иситиш учун қўлланиши тушунтирилди.

Аввал хабар берганимиздек, 2028 йилга қадар шаҳар ташқарисида тўртта чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилиб, уларда чиқиндиларнинг 60% қайта ишланади. Ҳозирда эса Яккасарой туманида “Экология” МЧЖ билан ҳамкорликда чиқиндиларнинг 8 тури сараланиб, қайта ишланмоқда. Аввалдан сараланган чиқиндиларни қайта ишлаш тезроқ кечади, айнан саралаш энг қийин жараён, уни аҳоли ёрдамида амалга ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва йўқ қилишни сезиларли даражада осонлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ҳар йили ўтган йилгиларга нисбатан чиқиндилар тўпланиши 6 фоизга ортиб бормоқда. Агар вазиятни ўзгартирмасак 15 йилдан кейин бу кўрсаткич икки баробар ортади ва уни олиб чиқиш ҳамда йўқ қилиш жуда қийинлашади. Бу йўналишда барча мамлакатлар кетаётган ягона йўл чиқиндиларни қайта ишлашдир, лекин бунинг учун чиқиндиларни саралаш зарур.

Тажриба натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш учун кутиб қоламиз.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар