Ўзбекистон капитал бозори: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар

Ўзбекистон капитал бозори: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар

Таъкидлаш жоизки, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш молия-банк тизими, шу жумладан капитал бозори имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни ҳамда ушбу тизимни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб қилади.

Шу мақсадда, капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида асосий вазифларадан бири этиб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш янги иқтисодий шароитда асосий мақсадларимиздан бири эканлиги қайд этилган.

Бу борадаги ислоҳотларнинг дастлабки босқичи сифатида жаҳон давлатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.01.2019 йилдаги 5630-сонли Фармони билан мустақил давлат органи - Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тузилиб, унинг асосий вазифалари этиб қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш белгиланган.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг маълумотига кўра, бугунги кунда эмиссия қилинган акцияларнинг умумий номинал қиймати 100 триллион сўмдан ортиқ бўлиб, улардан фақатгина 1,5 фоизигина эркин муомалада ҳаракат қилмоқда. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан ҳисоблаганда 1 фоиздан кам ҳисобланиб, ушбу кўрсаткич Сингапурда 188 фоиз, Малайзияда 112 фоиз ва Россияда 34 фоизни ташкил этади. Мазкур ҳолат Ўзбекистонда капитал бозори мамлакат иқтисодиётида инвестициялар ва жамғармалар ўртасида воситачилик ролини сифат ва миқдор жиҳатдан юқорига кўтариш учун катта потенциалга эгалигини кўрсатади.

Бунинг учун, қимматли қоғозларни чиқариш ва муомалада бўлишини, инвестицияларни кенг жалб этиш, корпортив бошқарувни ривожлантириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўзда тутувчи капитал бозори ривожланишининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш тақозо этилади.

Мазкур стратегияда фонд бозорини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, уни тартибга солувчи қонун ва қонун ости ҳужжатларни бозори ривожланаётган давлатлар талабларига (“frontiers market” ) мувофиқлаштириш, таркибига брокерлар, пенсия фондлари, суғурта компаниялари, банклар кирувчи молия бозорининг эко-тизимини яратиш, аҳолининг бўш турган маблағларини фонд бозорига жалб қилишнинг жаҳон тажрибасида қўлланилган самарали институтларни шакллантириш назарда тутилиши керак.

Эътиборлиси, 2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа қатор халқаро экспертлар кўмагида 2020-2025 йилларда Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш стратегиясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамага қўйилди. Мазкур стратегиянинг асосий вазифаларидан бири - эркин муомаладаги жами қимматли қоғозларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 2025 йил охиригача камида 10-15 фоизга етказиш ҳисобланади.

Белгиланган вазифаларга эришиш учун инвесторлар базасини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, молиявий саводхонликни яхшилаш орқали қимматли қоғозларга бўлган талабни ошириш, эмитентлар сонини кўпайтириш ва янги молиявий инструментлар орқали қимматли қоғозлар таклифини кенгайтириш, қонунчилик ва назорат тизимини такомиллаштириш, капитал бозори инфратузилмасини яхшилаш ва капитал бозорини мувофиқлаштирувчи органнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш стратегиянинг асосий йўналишлари этиб белгиланиши мақсадга мувофиқ. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, келуси йил учун асосий вазифалардан бири мазкур стратегияни қабул қилиш ва унда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишнинг узвийлигини таъминлаш ҳисобланади.

Мазкур стратегияни муваффақиятли амалга ошириш эркин муомаладаги қимматли қоғозлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 10-15 фоизига етказиш, инвестиция лойиҳаларни молиялаштиришнинг муқобил манбаси сифатида фонд бозори имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш каби янги механизмларни кенг жорий этиш, иқтисодиётнинг банк секторига боғлиқлигини ва давлатнинг банк секторидаги иштирокини камайтириш, яширин айланмадаги қўшимча маблағларни иқтисодиётга жалб қилиш ва пировардида Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсишини таъминлаш каби муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиши кутилмоқда.

Нозимжон Ортиков,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар