Ўзбекистон ва ОТБ 500 млн. доллари миқдоридаги заём битими имзоланди

Ўзбекистон ва ОТБ 500 млн. доллари миқдоридаги заём битими имзоланди

ОТБ ва ФТА вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Улар доирасида ОТБ томонидан 500 миллион АҚШ доллари ва 50 миллион евро миқдоридаги заём битимлари имзоланди.

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Молия вазирлигида Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) ва Франция Тараққиёт Агентлиги (ФТА) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида ОТБ томонидан "Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш 2-кичик дастур" - "Иқтисодий менежментни такомиллаштириш дастури 2-кичик дастур" (ЭМИП) дастурини амалга ошириш учун 300 миллион АҚШ доллари ва ФТА томонидан 50 миллион евро миқдоридаги заём битимлари имзоланди.

Ушбу дастур 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Стратегия асосида Ўзбекистон Республикасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ҳамда Молия вазирлиги ОТБ ва ФТА билан биргаликда ишлаб чиқилган матрицага асосланган.

Шунингдек, ОТБнинг "Ўзбекистон ипотека бозорини ривожлантириш дастури" лойиҳаси доирасида республикамизда ипотека бозорини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 200 миллион долларга тенг заём битмлари ҳам имзоланди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сонли "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги Фармони асос бўлди.

Лойиҳанинг мақсади уй-жой сиёсатини такомиллаштиришга йўналтирилган дастурий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, ипотека бозорининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

Ушбу лойиҳа мамлакатнинг уй-жой секторини ривожлантиришга, ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга ва бозор тамойиллари асосида барча қатламларига ипотека кредитлари олиш имкониятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар