Тадбиркорлар диққатига: Давлат бюджетидан тадбиркорлик субъектларига 611,6 млрд. ҚҚС суммаси қайтарилди

Тадбиркорлар диққатига: Давлат бюджетидан тадбиркорлик субъектларига 611,6 млрд. ҚҚС суммаси қайтарилди

Карантин даврида давлат бюджетидан тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига 611,6 млрд. сўм келиб тушди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Бу товарларни экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкасини қўллаган корхоналар учун қайтарилган ҚҚС суммасидир.

"Инқирозга қарши чоралар шароитда Давлат солиқ қўмитаси товарларни экспорт қилишда нол ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган ортиқча ҚҚС миқдорини қайтариш тартибини сезиларли даражада соддалаштирди. Солиқ тўловчи ҚҚС ни қайтариш учун шахсий кабинети орқали ДСҚ га электрон шаклда мурожаат юбориши кифоя. Ҳужжатлар Давлат солиқ қўмитасининг ишчи гуруҳи томонидан тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади", дейилади хабарда.

Жорий йил 1 июнь ҳолатига ДСҚ томонидан 804 та ариза кўриб чиқилди. Шундан 194 таси Тошкент шаҳри, 102 таси Тошкент вилояти, 86 таси Андижон, 81 таси Наманган, 73 таси Бухоро вилояти ва 34 таси Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келади. 661,6 млрд. сўмлик 336 та ариза Молия вазирлигига юборилди. 468 та ариза асосланмаганлиги ва хато-камчиликлари сабабли корхоналарга қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳисоботида номувофиқликлар аниқланган тадбиркорлик субъектлари хатоларини тузатиб, ҚҚС суммасини қайтариш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун, 2020 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органлари ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммасини солиқ тўловчига қайтаришни амалга оширади. Яъни солиқ органлари ҚҚСни нафақат экспорт қилувчилар, балки бошқа ҚҚС тўловчиларига ҳам қайтарадилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар