Самарқанд ва Бухоро малайзиялик туристлар учун Умра зиёратини амалга ошириш масканига айланиши мумкин

Самарқанд ва Бухоро малайзиялик туристлар учун Умра зиёратини амалга ошириш масканига айланиши мумкин

“Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси” мавзусида видеоконференцалоқа форматида парламент форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳасан иштирок этди.

Акмал Саидовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий ва узоқ муддатли ҳамкорлардан бири бўлган Малайзия билан икки томонлама мулоқотни фаол ҳамда жадал ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратиб келмоқда.

Моҳд Ҳасан Малайзия ва Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини эътироф этар экан, мамлакатимизга ташрифи давомида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айниқса, дунёга машҳур ва ислом зиёратгоҳлари сифатида тан олинадиган Самарқанду Бухоро малайзиялик туристлар учун жозибали жойларга, хусусан, Ўзбекистон орқали Умра зиёратини амалга ошириш масканларига айланиши мумкин.

Видеоконференция чоғида “Ўзбекистон — Малайзия” дўстлик гуруҳи раҳбари Шарофиддин Назаров ҳам сўзга чиқди. Унинг айтишича, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий-маърифий, сиёсий муносабатларни ўрнатишда дўстлик гуруҳи муҳим роль ўйнайди. Минтақада савдо алоқалари, туризм соҳаси, рақамли иқтисодиётни равнақ топтириш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ишбилармон доираларининг “B2B” шаклидаги учрашувларини ташкил этиш шулар жумласидандир.

– Айни чоғда парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатни шакллантиришга хизмат қиляпти, – деди “Малайзия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Панг Хок Лионг. – Парламентлараро дипломатия эса эндиликда ривожланмоқда, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Аммо дўстлик гуруҳи аъзолари ўзаро келишувлар, халқаро декларацияларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришлари лозим.

Бинобарин, тадбир давомида икки томонлама ҳамкорликда эришилганнатижалар қаторида парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, фойдали савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ришталарни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашилди.

Тадбирда коронавирус тарқалиши, уни дунё иқтисодиётига таъсири, Ўзбекистон ва Малайзияда ушбу касалликка қарши курашиш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлар каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. “Тождорёв”ни чекинтириш, пандемиянинг икки давлат савдо-иқтисодий муносабатларига кўрсатадиган салбий оқибатларини бартараф этишда парламентлар аъзоларининг тутган ўрнига тўхталиб ўтилди. Шу боис ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш долзарб эканига урғу берилди.

Онлайн-форум мобайнида ҳар икки томон ҳам БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти сингари халқаро ташкилотлар доирасида икки мамлакат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида якдил фикр билдирди. Ўз навбатида, кенг кўламли ҳамкорликни фаол равнақ топтириш бўйича интилишлар қатъий экани яна бир бор таъкидланди.

Якунда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги муносабатлар ҳамда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар