Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳликка чақирилди

Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳликка чақирилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига таяниб хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва оммабоп мессенжерларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чегара очилгани ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия-Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда “ёрдам бериш”ни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатмоқда.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраб қолади. Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда жорий этилган карантин чоралари, шу жумладан мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.

Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Большая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Соль-Илецк шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги, ёлғон хабарларга ишониб, Россиянинг турли ҳудуларидан келган ва Қозоғистон орқали Ватанимизга қайтиш истагинини билдирмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, касаллар, доимий касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Яна бир бор, Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан турли ёлғон хабарлар ва миш-мишларга ишонмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмаслик, ҳозирги яшаш жойларида қолиб, карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар