Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг асосий омили

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг асосий омили

Бу ҳолат, ўз навбатида, жаҳон миқёсида ишсизлик даражаси ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сонининг ошиши каби муаммолар кескинлашишидан далолар беради. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг тўхтаб туриши дунёда озиқ-овқат етишмовчилиги ва унинг хавфсизлигига доир муаммоларни янада чуқурлаштиришади.

Истиқболда юзага келиши мумкин бўлган ва ижтимоий аҳамиятга молик бу масалаларни ҳал қилиш ва уларга тайёр туриш кўпгина мамлакатларнинг бугунги кундаги устувор вазифаларидан биридир. Масалан, Reuters агентлиги АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) ҳисоботига таянган ҳолда тарқатган хабарга кўра, Хитой АҚШдан 340 минг тонна буғдой (сўнгги икки йилдаги энг катта шартнома), 756 минг тонна истеъмолга мўлжалланган жўхори (сўнгги етти йилдаги энг катта шартнома) ҳамда 110 тонна соя сотиб олган. Жорий йил февраль ойидаги келишувга биноан, Хитой АҚШдан 2020 йил охиригача қўшимча 76,7 ва 2021 йил давомида 123,3 млрд. долларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишни мўлжалламоқда. Бундан ташқари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотига кўра, жорий йилнинг март ойида жаҳон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи февралдагига нисбатан 4,3 фоизга пасайган.

Ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш масаласи қўйилди. Бу мақсадга эришишда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив бу борада етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Ушбу вазифаларни тизимли ва самарали амалга ошириш мақсадида қуйидаги комплекс чора-тадбирлар белгиланди:

  • Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш 136 минг гектардаги ҳосил бераётган, 63 минг гектардаги янги боғ ва токзорларнинг ҳар қатор оралари, 600 минг гектар такрорий экин майдонларидан самарали фойдаланишни тақозо этади. 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш баробарида фойдаланишдан чиққан, 124 минг гектар ерни тўлиқ ва 155 минг гектар лалми ерни сув чиқариш орқали ўзлаштириш ҳам режалаштирилган;
  • Ички ишлар вазирлигига қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг карантин қоидаларига амал қилган ҳолда эркин ҳаракатланишини таъминлаг бўйича топшириқ берилди;
  • Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 млрд. сўм ажратилади;
  • Уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун улар импортини марказлашган ҳолда ташкил этиш зарур. Ҳар йили мамлакатимизга 300 минг тоннага яқин картошка, шунингдек, 10-15 минг тонна уруғлик картошка чет элдан олиб келинади. Шу боис, Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланди.

Тизимдаги яна бир муаммо ўғит билан таъминлаш ҳисобланади. "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти зиммасига икки ҳафта ичида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда ўғит дўконлари ташкил этиш вазифаси юклатилди. Ўғитлар импортига боғлиқ чекловлар жорий йил якунига қадар муддатга бекор қилинди.

Бундан ташқари, карантин даврида туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар орасида қишлоқ хўжалиги ва умуман, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган автотранспорт, фермерлар ва ишчиларнинг барча қоидаларга амал қилган ҳолда эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш белгиланган.

Бўш ва лалми ерларни ўзлаштириш учун Боғдорчилик ва Узумчилик жамғармаларига 300 млрд. сўм қўшимча маблағ ажратиш, бу жамғармалар ҳисобига қудуқ қазиб, ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналарни аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача лизинг асосида бериш, шунингдек, ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқини аниқ озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотиш ва бундан тушган маблағларни янги ерларни ўзлаштиришга йўналтириш тартиби жорий этилмоқда.

Мева-сабзавот етиштириш ва сотиб олишга худди пахтачилик ва ғаллачилик соҳаларидаги каби алоҳида молиявий ресурслар билан таъминлаш тизимини жорий этиш белгиланди. Унга кўра, тижорат банклари кластерларга айланма маблағ учун зарур бўлган молиявий қарзлар ажратади. Улар маҳсулот етиштириш ва экспорт қилиш учун ҳосилни гаровга қўйган ҳолда қисқа муддатли (3-12 ой) кредитлар ҳам олишлари мумкин.

Бундан ташқари, тижорат банклари ликвидлиликни таъминлашга ажратилаётган ресурсларидан камида 2 триллион сўмини босқичма-босқич айланма маблағлар кредити учун йўналтиради.

Мева-сабзавот ва иссиқхона йўналишида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молиявий институтларнинг 700 миллион доллар кредит линияларини жалб қилиш ва тижорат банкларининг тўхтатилаётган лойиҳалар ҳисобидан бўшаган маблағларини қишлоқ хўжалигига йўналтириш вазифаси қўйилди.

Мева-сабзавотни экспорт қилувчиларга ҳам имтиёзлар кўзда тутиляпти. Хусусан, уларнинг автотранспортда юк ташиш харажатининг 50 фоизи Экспортга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Бунинг учун жамғармага қўшимча 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Озуқа базаси чорвачиликни ривожлантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Жорий йилда камида 70 та саноат озуқа корхонаси ишга туширилади. Уларни хомашё билан таъминлаш учун сув тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳолда 38 минг гектар лалми ва яйлов ерларни тўлиқ ўзлаштириш белгиланди.

Қорамолчиликни ривожлантириш ва қорамоллар билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида 74 та оилавий кооперация фаолияти йўлга қўйилади. Ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилади.

Паррандачилик — етти хазинанинг бири. Эндиликда кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этилади. Бунинг учун гўшт йўналишидаги йирик паррандачилик хў- жаликлари 100 хонадонга 500 бошдан уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради, ветеринария хизматлари кўрсатади. Қирқ кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

Шу йўл билан ҳар бир оила қўшимча даромад манбаига эга бўлиши ва қишлоқ аҳолиси бандлигининг ошиши таъминланади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кооперацияда иштирок этган оилаларга парранда боққан даври учун Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча рағбатлантирувчи тўловларни амалга оширади.

Бу йил балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш, сунъий ҳавзаларда интенсив усулда меҳнат қилаётганларга субсидиялар бериш тизими йўлга қўйилади. Фойдаланиш самарадорлигига қараб, ер солиғининг табақалашган ставкалари қўлланади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда балиқчиликка ихтисослашган намунали туман ташкил этилиб, уларда интенсив усулдаги 10-15 тадан балиқчилик хўжалиги (1 гектар майдондан ўртача 100 тонна балиқ овлаш), қайта ишлаш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит маблағлари ажратилади.

Асалчиликни ривожлантиришга эътибор қаратилар экан, бу йил ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробар кўпайтириш, ҳар бир туманда асаларичилик кластер корхонасини ташкил этиш, кооперация тизимини йўлга қўйиш орқали хонадонларга 20 тадан асалари уяси тарқатиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада ўрмон хўжаликларидаги имкониятларни тўла ишга солиш, 16,5 мингдан ортиқ янги асалари уясини парваришлаш юзасидан тавсиялар берилди.

Қишлоқ аҳолисини уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири — ипакчилик соҳаси. Жорий йилда 382 минг қути ипак қурти боқилишини инобатга олсак, бу камида 750 минг одамни иш билан банд қилиш дегани. Эндиликда вилоятларда “бир хонадонга — бир қути ипак қурти” тамойили асосида ипак қурти уруғи тарқатилиб, фермер хўжаликлари, пахта ва ғалла кластерлари ҳам ипак қурти боқишга кенг жалб этилади. Тизимни янада ривожлантириш учун тижорат банкларининг 145 миллиард сўмлик кредит линиялари очилади. Белгиланган ҳосилни олган хонадонларга Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан қўшимча рағбатлантирувчи тўловларни амалга ошириш белгиланди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда экспортни кенгайтириш имкониятини яратади. Кам таъминланган аҳоли қатлами ва вақтинчалик банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлашга ва қўшимча даромад манбаини оширишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлабгина қолмай, уларнинг нархини пасайтиришда ҳам муҳим омил бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар