Давлатимиз раҳбари Абдулла Қодирий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди

Давлатимиз раҳбари Абдулла Қодирий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей барпо этилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган.

Жорий ўқув йилида мактабнинг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди. «Ёш китобхон» республика кўрик-танлови ғолиби Зилола Шомуродова ҳам ижод мактабига қабул қилинди.

Бу ерда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун ҳамма шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида болалар спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулайликлар мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

– Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деди Президент.

Ижод мактабида «Қодирий издошлари, «Ёш қаламкашлар», «Ёш журналистлар» каби тўгараклар, «Ифодали ўқиш», «Нотиқлик санъати» бўйича қўшимча дарслар ташкил этилган. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган маърифий тадбирлар тез-тез ўтказилиб туради.

Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларининг олимлари бу ерда дарс ўтиши, таниқли ёзувчи ва шоирлар маҳорат сабоқларини йўлга қўйиши, дарслар замонавий методикалар асосида олиб борилиши зарурлигини таъкидлади. Истеъдодли болалар фақат ўқув жараёни билан чекланмай, университетларда амалий машғулотлар ўташи кераклигини қайд этди. Ўғил-қизларга мамлакатимиз тарихини мукаммал ўргатиш мақсадида ижод кунлари юртимизнинг диққатга сазовор шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

– Бу мактабда миллатпарвар, ўзлигини англаган авлод камол топишига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, бу йил Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланди. Бундай тадбирлар адиб номи қўйилган ижод мактабида ўзгача шукуҳ билан ўтди.

Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига кираверишда адиб музейи барпо этилди. Мазкур бинога «Турон» кутубхонаси ҳам жойлаштирилди. Бу нафақат етук аждодимизнинг ворислари, балки адабиёт, маънавият ва маърифат аҳлини, бутун халқимизни қувонтирди.

Президентимиз музей ва кутубхонадаги шароитларни ҳам кўздан кечирди.

Музейга кираверишда Абдулла Қодирийнинг ҳикматли сўзлари битилган. Чап томонда адибнинг ҳаёт ва ижод йиллари хронологияси, қатағон йиллари экспонатлари ҳамда мустақиллик йилларида ёзувчига кўрсатилган эҳтиром акс этган экспозициялар жойлашган. Томошабинлар залдаги улкан мониторда адиб асарлари асосида суратга олинган «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» фильмларини, бошқа картиналарни кўриши мумкин.

Давлатимиз раҳбари шу ерда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар