Пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш: молиялаштириладиган пенсия тизимини яратиш

Пенсия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш: молиялаштириладиган пенсия тизимини яратиш

Ҳозирги кунда давлат пенсия таъминоти тизими 3,3 млн.дан ортиқ кишини ёки мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 10 фоизини қамраб олади. Шу жумладан, ёш бўйича пенсия олувчилар 2502,6 минг кишини, ногиронлик бўйича – 360,3 минг киши, боқувчисини йўқотгани учун – 168,5 минг киши, ижтимоий нафақа олувчилар – 294,1 минг кишини ташкил этади.

Норасмий секторда ишлашга мажбур бўлаётганлар даромадларини режалаштиришда қийинчиликка дуч келмоқда

Халқаро тажрибалар шуни кўрсатадики, аҳолининг ўртача умр кўриш ёши ортиб бориши билан “ишлаб топдинг – тўла” (pay as you go) тамойилига асосланган пенсия тизимида вужудга келиши мумкин бўлган молиявий қийинчиликлар давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишни талаб этади.

Ёш бўйича пенсия олувчиларнинг сони ошиб бораётган шароитда ҳозирги мавжуд давлат пенсия таъминоти тизими иқтисодий фаол аҳоли қатламига пенсия тўловлари юкининг ошишига олиб келмоқда. Шунингдек, хусусий пенсия фондлари каби узоқ муддатли маблағларга эга жамғармаларнинг йўқлиги капитал бозорини ривожлантиришга имкон бермаяпти.

Бундан ташқари, норасмий секторда ишлашга мажбур бўлаётган ишчилар, ўзини ўзи иш билан таъминловчилар, чет элларда фаолият олиб бораётган фуқаролар, қишлоқларда фарзанд тарбияси ва уй юмушлари билан машғул аёллар ўзларининг нафақа ҳаёти учун даромадларини режалаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Мазкур омилларни инобатга олиб, мамлакатимизда пенсия тизимини ислоҳ қилиш, хусусан, хусусий пенсия фондларини ташкил этишга рухсат бериш, пенсия фондларини капитал бозорида иштирокини таъминлаш Ўзбекистон молия тизимини янада ривожлантиришга ёрдам беради.

Филиппин ва Грузия тажрибаларига назар ташлаймиз

Бу борада, хорижий мамлакатлар тажрибасини, айнан Филиппин ва Грузия тажрибаларини ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Масалан, Грузия 2019 йил 1 январдан янги пенсия тизимини жорий қилди. Ушбу ислоҳотдан биринчи мақсад пенсия ёшидаги фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўлса, иккинчи мақсад капитал бозорини ривожлантириш ҳисобланади.

Грузияда янги пенсия тизимини тўлиқ тадбиқ қилишни бир неча босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи босқичда 2019 йилдан 1 январдан 40 ёшдан кичик бўлган барча ишчилар (иш билан таъминланганлардан ташқари) янги пенсия тизимига мажбурий киритилди. Ёши 40 ёшдан ошган ишчилар ва ўз-ўзини иш билан таъминлаганлар ихтиёрий равишда янги тизимда иштирок этишлари мумкинлиги белгиланди.

Грузия янги пенсия тизими 2+2+2 схемасида ишлайди. Яъни, йиллик даромади 24 000 ларигача (79,6 млн. сўм) бўлган ишчилар учун даромадининг 2 фоизи миқдорида бадал ишчи томонидан, 2 фоизи – иш берувчи томонидан ва яна қўшимча 2 фоизи миқдорида давлат томонидан ўтказилади. Йилига 24 000 ларидан 60 000 ларигача (199 млн. сўм) даромад олувчилар учун давлат томонидан 1 фоиз миқдорида пенсия бадаллари ўтказилиб берилади. Агар йиллик даромади 60 000 ларидан ошса, давлат томонидан улуш қўшилмайди.

Шунингдек, биринчи босқичда янги пенсия тизимида қатнашиш ёки қатнашмаслигидан қатъий назар нафақага чиққан ҳар бир грузиялик стандарт давлат пенсиясини (ҳозирда 180 лари – 62 АҚШ доллар) олишга ҳақли.

Мазкур пенсия тизимида қатнашувчилар ўз жамғармаларини инвестицияларга йўналтиришда учта танловга эгалар. Яъни, қатнашувчилар келажак учун жамғараётган маблағларини инвестицияларнинг риск даражаси ва ундан келадиган даромаддан келиб чиқиб, кам рискли, ўртача рискли ва юқори рискли инвестицияларга йўналтиришлари мумкин. Шундай бўлсада, аъзоликнинг дастлабки беш йилида қатнашувчилар фақат кам рискли инвестиция портфелини танлай оладилар.

Таъкидлаш лозимки, 2019 йилнинг дастлабки 150 кунида Грузиянинг янги пенсия тизимида жами 232 млн. лари (қарийб 83,3 млн. АҚШ доллар) маблағ тўпланди. Келгуси 5-6 йилда 5 млрд. лари (қарийб 1,8 млрд. АҚШ доллар) миқдорида маблағлар жамғарилиши кутилмоқда.

2-расм. Грузия янги пенсия фонди ҳажми ўзгариши

(млн. лари)

Манба: Грузия Пенсия агентлиги

Ушбу маблағларни қуйидагиларга инвестиция қилиш мумкинлиги белгиланган: банк депозитлари, давлат қимматли қоғозлари, маҳаллий корпоратив облигациялар, маҳаллий корпоратив акциялар, хорижий давлат қимматли қоғозлари, халқаро молия институтлари қимматли қоғозлари, хорижий корпоратив облигациялар ва акциялар ва бошқа активлар.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя фонди ёки хусусий пенсия фондларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ

Грузия тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳамда мамлакатимизда 2019 йил 1 январдан жорий қилинган янги солиқ тизимига асосан фуқароларнинг мажбурий бадалларини (8 фоиз) бекор қилиниши ҳамда шахсий жамғариб бориладиган пенсия бадалларининг 2 фоиздан 0,1 фоизга туширилиши самарадорлигини ҳисобга олиб, мамлакатимизда давлат пенсия таъминоти тизимига қўшимча равишда давлат ижтимоий ҳимоя фонди ёки хусусий пенсия фондларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай пенсия фондларининг пайдо бўлиши иқтисодий ривожланиш учун зарур бўлган узоқ муддатли маблағларни жамғаришга ва бу орқали капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам беради.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, Грузия пенсия тизимига ўхшаш хусусий пенсия фондларини (ёки давлат ижтимоий ҳимоя фондини) ташкил этилиши хусусий секторда фаолият олиб бораётган ишчи-хизматчилар учун ҳам манфаатли бўлганлиги боис уларнинг иш ҳақларини "конверт"дан бухгалтерия балансига кўчирилишига рағбат уйғотади.

Фондларда жамғарилган маблағлар кредитлар учун гаров вазифасини ўтайди

Шунингдек, мазкур фондларда жамғарилган маблағлар аҳоли томонидан олинадиган кредитлар учун гаров вазифасини ўташи мумкин.

Хусусий пенсия фондаларини (ёки давлат ижтимоий ҳимоя фондини) ташкил этишда Халқ банкида жамғариладиган шахсий жамғариб бориладиган пенсия бадалларига тўланадиган реал фоиз ставкалари ижобийлигини аниқлаш ва мазкур маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш ҳамда мазкур фондларнинг молия бозорида иштирок этишини белгилаб берувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини шакллантириш лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар