Пандемия ва иқтисод: Қайси соҳаларда “қулаш” кузатилади?

Пандемия ва иқтисод: Қайси соҳаларда “қулаш” кузатилади?

Жаҳон банки прогнозларига кўра, жорий йилда Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий фаоллик ўртача 4,7 фоизга қисқаради. Ушбу минтақаларда кузатилаётган иқтисодий рецессиянинг кўлами ва “чуқурлиги” жаҳон молиявий инқирози давридаги билан деярли бир хил. COVID-19 пандемияси оқибатида ва коронавирусга қарши курашда жорий қилинган карантин чоралари ушбу минтақалар мамлакатлари иқтисодиётида товар ва хизматларга бўлган ички талабнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. Буларнинг таъсири хом ашё товарлари нархининг кескин пасайиши, туризм соҳасининг инқирози, меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмаларининг камайиши, экспорт ҳажмининг қисқариши, шунингдек, маҳсулот етказиб бериш занжирида узилишлар туфайли янада кучаймоқда. UzAnalytics. com сайти бу ҳақда маълумотларни келтириб ўтган.

Жаҳон банки экспертларининг фикрича, иқтисодий ўсиш 2021 йилда тикланади. Бунга жаҳон бозорида хом ашё товарлари нархларининг ҳамда глобал савдо-сотиқ занжирларининг босқичма-босқич тикланиши, мамлакатлар иқтисодиётида товар ва хизматларга бўлган ички талабнинг ошиши ёрдам беради. Бироқ бу прогнознинг амалга ошишида бир қатор омилларинг салбий таъсири юқори даражада бўлиб қолмоқда. Булар коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини, молиялаштириш ва инвестицияларда тушкунлик кайфиятининг кутилганидан кўра узоқроқ давом этиши, шунингдек, пул ўтказмалари ҳажмини кескин қисқариши туфайли иқтисодий рецессиянинг кутилмаган даражада кучайиши каби омилларни қамраб олади.

Жорий йилнинг июнь ойи бошида Жаҳон банки гуруҳи “Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари” таҳлилий тадқиқотини эълон қилди, орадан бир ҳафта ўтиб, унинг тўлиқ матни чоп этилди. Бунда пандемия шароитида глобал иқтисодиёт ҳамда дунё минтақалари ва мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларига оид прогнозлар эълон қилинган. Қуйида ушбу ҳисоботнинг Марказий Осиё ва Европа минтақаларига бағишланган қисми шарҳини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Жорий вазият

Дунё миқёсида хом ашё товарлари нархи кескин тушиб кетгани, мамлакатлараро савдо-сотиқ ҳажмини сезиларли даражада камайиши, маҳсулот етказиб бериш глобал ва ҳудудий занжирларидаги узилишлар, шунингдек, молия бозорларида кузатилаётган инқироз туфайли COVID-19 пандемияси Европа ва Марказий Осиё давлатларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мамлакатлар иқтисодиётида товар ва хизматларга ички талабнинг пасайиб кетиши нафақат чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида, балки инвестициялар ҳажмининг камайиб кетганида ҳам акс этди. Сабаби, пандемия ва у билан боғлиқ карантин чекловлари умумий истеъмол ҳажмини камайтириб, инвестицион фаолликка салбий таъсир кўрсатмоқда.

Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари марказий банкларининг тахминан учдан икки қисми аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча маблағлар ажратиб, иқтисодий инқирозга қарши бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишди. Айрим мамлакатлар марказий банкларига миллий валюта курсини барқарорлаштириш ва унинг кескин тарзда қадрсизланишини олдини олиш учун (масалан Қозоғистонда) валюта бозорларида бевосита интервенциялар ўтказишига тўғри келди. Бошқа мамлакатларда, масалан, Россия ва Озарбайжонда ушбу мақсадда махсус миллий жамғарма маблағларидан фойдаланилди. Марказий Осиё ва Европанинг кўплаб мамлакатларида миллий валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши инфляциянинг ўсишига ҳамда марказий банкларнинг қайта молиялаштириш ставкасини янада пасайтириш имкониятини чекланишига олиб келиши мумкин. Айниқса, инфляция даражаси мақсадли кўрсаткичга яқин ёки пандемия даврида ундан ошиб улгурган мамлакатларда.

Юқорида қайд этилган минтақаларнинг аксарият мамлакатларида чекланган имкониятларга қарамай, ҳукуматлар соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, аҳоли ва ҳусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда молия бозорини барқарорлаштириш учун мавжуд ресурс ва заҳиралардан фойдаландилар. Европа ва Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида пандемия ва унинг иқтисодий-ижтимоий оқибатларига қарши чора-тадбирлар тўплами эълон қилинди.

Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти истиқболлари

Жаҳон банки экспертлари жорий йилда Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ўртача 4,7 фоизга қисқаришини прогноз қилишмоқда, уларнинг қарийб барчасида рецессия кутилмоқда. Ушбу прогноз мазкур минтақалар давлатларида жорий қилинган карантин чораларини 2020 йилнинг иккинчи ярми бошларида босқичма-босқич бекор қилинишини кўзда тутади. Келгуси 2021 йилда пандемиянинг иқтисодиётга таъсири тобора камайиб, савдо-сотиқ ва инвестицияларни секин-аста тикланиши натижасида Европа ва Марказий Осиё минтақаларида иқтисодий ўсиш ўртача 3,6 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Туризм COVID-19 пандемияси сабаб жорий этилган кенг кўламли чеклов чораларидан энг кўп зарар кўрган соҳадир. Бу чекловларнинг босқичма-босқич бекор қилинишига қарамай жорий йил ёз мавсумининг кўп қисми туризм соҳаси учун қўлдан бой берилган кўринади. Чунки, бир томондан, потенциал саёҳатчилар коронавирусни юқтиришдан ўзларини эҳтиётласалар, иккинчи томондан, пандемия даврида иш ўринлари қисқаргани сабаб саёҳат қилиш учун уларнинг маблағлари ҳам етарли эмас. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, 2020 йилда жаҳон миқёсида туристлар сони 60 фоиздан 80 фоизгача қисқаради. Таққослаш учун, 2009 йилги молиявий инқироз даврида бу кўрсаткич атиги 4 фоизни ташкил қилган эди. ЯИМнинг салмоқли қисми туризм соҳасига тўғри келадиган Грузия ва Туркия каби мамлакатлар иқтисодиётида пандемиянинг салбий таъсири кўпроқ сезилади. Туризм соҳасининг одатда секин тикланишини ҳисобга олганда, пандемиянинг оқибатлари бу соҳада 2021 йилда ҳам сезиларли даража бўлиши кутилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётида хом ашё экспорти салмоқли роль ўйнайдиган давлатларга келсак, жорий йилда бу ресурсларнинг кутилаётган паст нархлари уларнинг иқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатади. Нефть нархининг кескин тушиб кетгани, прогнозларга кўра жорий йилда унинг паст даражада сақланиб қолиши ва ОПЕКнинг нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириши каби омиллар Қозоғистон ва Россия давлатлари иқтисодиётига 2020 йилда катта таъсир кўрсатади. Оқибатда ушбу мамлакатларда солиқ ва бюджет позициялари сезиларли хавф остида қолиши мумкин. Бироқ, жаҳон бозорида олтиннинг юқори ва тобора ўсиб бораётган нархи ушбу қимматбаҳо металлнинг дунёда йирик экспортчилари ҳисобланадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиёти учун ижобий омилдир.

2020 йилда Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш ўртача 1,7 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Жаҳон банки ҳисоботида бунга асосий омиллар сифатида Хитой, Россия ва Евроҳудуд билан савдо-сотиқ ҳажмининг қисқариши, хом ашё товарлари экспортидан тушадиган даромадларнинг пасайиши ҳамда меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмаларининг кескин камайиши кабилар келтирилган.

Рисклар

Жаҳон банки мутахассисларининг фикрига кўра, Марказий Осиё ва Европа мамлакатларининг иқтисодий ўсиш истиқболларида рисклар (ноаниқликлар) юқори даражада. Сабаби, пандемиянинг иқтисодий фаолликка таъсири тахмин қилинаётганидан (прогноздан кўра) анча жиддий бўлиши мумкин. Масалан, давлатлар бўйлаб жорий қилинган карантин чораларининг узайтирилиши, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланмаслиги ёки янада ёмонлашиши бу мамлакатлар иқтисодиётини мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин. Пандемия шунингдек, ўртамуддатли рискларни вужудга келтиради, буни айниқса, қўшимча қиймат яратиш занжиридаги глобал алоқаларни йўқотиш ҳолатларида кўриш мумкин бўлади. Бундан ташқари, пандемия туфайли ўқув муассасаларининг узоқ муддатга ёпилиши каби чоралар ҳам таълим даражаси ва инсон капитали ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Дунёда инвестицион фаолликни узоқ муддатга паст даражада сақланиб қолиниши Марказий Осиё ва Европа давлатлари иқтисодиёти учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Пандемиянинг давомийлигига боғлиқ равишда тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 2020 йилда кескин қисқариши мумкин. Жорий йилнинг бошиданоқ инвестицион фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда, коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг янада ёмонлашиши инвестициялар ҳажмининг кескин камайиш эҳтимолини кучайтиради.

Меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмаларининг кескин қисқариши ҳам Марказий Осиё ва Европа мамлакатларида иқтисодий рецессияни янада кучайтириши мумкин. Жорий йилда ушбу давлатларга юбориладиган пул ўтказмалари ҳажмини анча камайиши кутилмоқда. Пандемияга қарши курашда жорий қилинган карантин ва чеклов чоралари меҳнат муҳожирларини доимий ва вақтинча ишларга қабул қиладиган мамлакатларда иш ўринлари сонини қисқаришига олиб келди. Меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмалари Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг кўп мамлакатларида аҳоли учун муҳим даромад манбаи ҳисобланади, пул ўтказмалари ҳажми бу ҳудудларда минтақа ЯИМнинг деярли 10 фоизини ташкил қилади. Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг айрим мамлакатларида пул ўтказмалари ҳажми ЯИМнинг 30 фоизига тенг.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар