Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси муҳокамага қўйилди

Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси муҳокамага қўйилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳлари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси»га оид фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Олимларнинг таърифига кўра, сунъий интеллект инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизимдир.

Сунъий интелект ҳозирги ахборот асрида ниҳоятда долзарб бўлиб, инсоният сунъий интеллект орқали XXI асрнинг глобал муаммоларига илм-фанда янги имкониятларни кашф этиш йўли билан ижобий ечимларни топади. Шунингдек, бу тиббиёт, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа барча соҳаларда сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини оширади.

Сунъий интеллектни ривожлантиришда олий таълим муассасаларининг ўрни йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2019 йил якуни бўйича Хитой Халқ Республикаси ўзининг олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан дунё мамлакатлари ичида дастлабки 10 таликда етакчиликни қўлга киритди. Кейинги ўринларни Корея, АҚШ, Япония ва Европа давлатлари эгаллаган. Умуман, дунёда сунъий интеллектга талаб ва унинг қўлланилиш соҳаси ҳам ортмоқда.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда ахборот технологияларини ривожлантириш, соҳа ва тармоқлар фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш, «ақлли дастурлар»нинг қўлланиш соҳасини кенгайтириш бўйича давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва ижро этилмоқда.

Лойиҳада эса бевосита сунъий интеллектни ривожлантириш учун муҳим бўлган ҳужжатлар келтирилган.

Ушбу ҳавола орқали фармон билан тўлиқ танишиш ва таклиф билдириш мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар