Ўзбекистонда илк марта тиббиёт, тадбиркорлик, таълим, туризм каби соҳалардаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга ихтисослашган робот яратилди

Ўзбекистонда илк марта тиббиёт, тадбиркорлик, таълим, туризм каби соҳалардаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга ихтисослашган робот яратилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети талабалари ҳамкорликда NovAssistant универсал роботини яратдилар. Бу Инновацион ривожланиш вазирлиги янги биносида ташкил этилган робототехника лабораторияси мутахассислари кўмагида амалга оширилган илк лойиҳадир. Роботни яратган жамоа аъзолари – Далер Мардонов (лойиҳа раҳбари), Саидакбархон Пўлатов ( дастурчи), Саидазизхон Саидалоев (конструктор), Саидалохон Эргашхўжазода (механик) талабалар бўлиб, улар 19-20 ёшли йигитлар эканлиги диққатга сазовордир, дейди вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузова.

Мазкур универсал роботнинг яратилиши тиббиёт, тадбиркорлик, таълим, туризм каби соҳалардаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга кўмаклашади, шунингдек, имконияти чекланган инсонлар учун иш ўринларининг кўпайишига хизмат қилади. Ёрдамчи-робот мулоқот қилиш билан бир қаторда ўз ҳиссиётларини ҳам изҳор қила олади, уни ишхонада ёки уйда кўмакчи сифатида ишлатиш мумкин.

Буюртмачининг истак-хоҳишига кўра мазкур роботни истаган кўринишда ясаш мумкин. Шунингдек, сунъий интеллект, одамни таниш, хонадаги ускуналарни бошқариш каби қўшимча функцияларни ҳам қўшиб яратиш имконияти мавжуд. Роботни илова орқали ёки овоз билан бошқариш мумкин.

Мазкур лойиҳани ривожлантириш орқали робот ассистентларини жорий этилиши юртимизнинг хизмат кўрсатиш соҳалари жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, замонавий роботларнинг кенг татбиқ қилиниши ёшларда робототехникага, муҳандислик соҳаларига бўлган қизиқишларини кучайтиради. Робототехника соҳасида импортни камайтириб, ички ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтиради.

Бундай роботларнинг хориждаги нархи ўртача нархи 180 млн. сўмга тўғри келса, миллий хизматчи роботларимизнинг ўртача нархи комплектациясига қараб 25–45 млн. сўмни ташкил этади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар