Ўзбекистон ХМТнинг Европа ва Марказий Осиёга бағишланган минтақавий саммитида меҳнат бозорида пандемия таъсирига қарши курашиш тажрибаси билан таништирди

Ўзбекистон ХМТнинг Европа ва Марказий Осиёга бағишланган минтақавий саммитида меҳнат бозорида пандемия таъсирига қарши курашиш тажрибаси билан таништирди

1 июль куни Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Глобал Саммити давомида Европа ва Ўрта Осиёда коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорларига таъсирига қарши курашиш йўллари ва келажакдаги истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида минтақавий сессиялардан бири бўлиб ўтади. Энг йирик онлайн-учрашув сессиясида меҳнат вазирлари ва Швейцария, Швеция, Португалия, Бельгия, Хорватия, Испания, Россия, Грузия каби давлатларнинг меҳнат вазирлари, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари раҳбарлари қатнашадилар. Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов иштирок этади, у иштирокчиларни мамлакат меҳнат бозори учун пандемия оқибатларини бартараф этишнинг маҳаллий тажрибалари билан таништиради.

ХМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида Европа ва Марказий Осиё минтақаларида иш вақтининг 3 фоизи (тўлиқ иш вақти шароитида 12 миллион иш ўрнига тенг) йўқотилган ва иккинчи чорак охирида 12,9 фоиз иш вақти (тўлиқ иш вақти шароитида 50 миллион иш ўрнига тенг) йўқотилиши мумкин. Шу муносабат билан халқаро ҳамжамият пандемиянинг одамлар учун, шунингдек, иқтисодиёт ва жамият учун ҳалокатли оқибатларига қарши биргаликда курашмоқда.

ХМТ кўмагида вазирлик COVID-19 нинг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб бормоқда ва ўтказилган сўров натижаларига кўра, инқироз иқтисодиётнинг бир қатор муҳим соҳаларида (хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқ.) ишчиларни, айниқса, кичик бизнесда банд бўлган ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга жуда кучли салбий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар ХМТнинг пандемияга қарши курашнинг тўртта асосий тамойилларига тўла мос келади, яъни у иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантиришга, корхоналарни, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлашга, ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилишга ва ижтимоий мулоқотга қаратилган. Президент ташаббуси билан 10 триллион сўм миқдорида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ва “Меҳр-шафқат ва саломатлик” кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди.

Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” жорий этилди. Вақтинча бандлик бўйича жамоат ишлари фонди маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди; 33 мингдан ортиқ оилалар кам таъминланган оилаларнинг шахсий томорқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали таъминланди; аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг ишсиз иш билан таъминланди; 20 минг ишсизга ишсизлик бўйича нафақа берилди. Шундай қилиб, 374 минг фуқаро Меҳнат вазирлиги томонидан уч ой давомида бандлик ва доимий даромад билан таъминланди.

Айни вақтда ХМТ билан биргаликда Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида муҳим бўлган ташаббусларни амалга ошириш давом этмоқда, хусусан: 1) Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди; 2) «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янгиланган лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун тақдим этилди; 3) Миллий бандлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Ўз нутқида Нозим Хусанов иш жойларида ишчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида тўхталиб ўтди. Биринчи навбатда, Давлат меҳнат инспекцияси эпидемиология хизмати билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизимини мониторингини йўлга қўйди. Бугунги кунга қадар меҳнат инспекторларининг мониторинг гуруҳлари 5757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини аниқлади. Ҳар бир вазиятни алоҳида ўрганиш учун инспекторларга тавсия берди.

Коронавирус пандемияси, шунингдек, амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Норматив меъёрлар ҳозирги шароит ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ишчиларни ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил қилишни максимал даражада таъминлаши керак.Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳамкорлкда ишлашга умид билдирди.

Пандемия пайтида ноқонуний ишдан бўшатиш масалалари кун тартибида пайдо бўлди, иш ҳақини, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ нафақасини тўлашдан бош тортиш ҳоллари кўпайди. COVID -2019 пандемияси даврида Давлат меҳнат инспекцияси фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 мингта шикоятни кўриб чиқди, шундан 3 мингтаси аёллар томонидан юборилган. Текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий ишлаш режимига мослаштирдилар. Бундай иш режимига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этди.

Ўзбекистонда қонун устуворлигини, гендер тенглигини, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон ХМТнинг 29-сонли Меҳнат Конвенциясига Протоколни ратификация қилган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлди. ХМТнинг «Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида», 129-сонли «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат назорати тўғрисида» ва 81-сонли «Саноат ва савдо соҳасидаги меҳнат назорати тўғрисида»ги учта конвенцияси ратификация қилинди, бу эса ушбу соҳаларда бандлик ва ишчи кучи мониторингини кучайтиришга имкон берди. Айни пайтда ХМТнинг яна учта конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда: 17-сонли «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга компенсация тўлаш тўғрисида», 183-сонли «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилдаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисида», 187-сонли «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида».

COVID-19 нинг дунё миқёсида кенг тарқалиши миллионлаб ишчилар ва корхоналарни хавф остига қўйиб, меҳнат бозорларининг заифлигини кўрсатди. Ушбу йиғилишдаги мунозаралардан сўнг ХМТнинг келгуси фаолияти бўйича минтақавий таклифларни ишлаб чиқиш, жумладан кейинги стратегик режа ва тадбирлар дастурини тайёрлаш режалаштирилди.

Умуман олганда, ХМТ Глобал Саммитининг беш куни ичида, 2020 йил 1–2 июль ва 7–9 июль кунлари минтақавий ва глобал тадбирлар бўлиб ўтади, ушбу тадбирлар давомида пандемиянинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари билан қандай курашиш мумкинлиги, шунингдек, пандемиядан сўнг меҳнат бозорини тиклаш йўллари муҳокама қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар