#Архив: ЕОИИга кириш автосаноат, маиший техника  ишлаб чиқарадиган қатор тармоқларга зарба беради

#Архив: ЕОИИга кириш автосаноат, маиший техника  ишлаб чиқарадиган қатор тармоқларга зарба беради

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг 109-бандида “Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини атрофлича муҳокама қилиб, асосланган хулосаларни тайёрлаш” вазифаси қўйилган. Топшириқ Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, тегишли вазирлик ва идораларга берилган. Биргаликда тайёрланиши кўзда тутилган ахборот-таҳлилий маълумотда қуйидаги масалаларга, яъни:

  • ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсири;
  • қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларга мослиги таҳлили;
  • ҳар бир иқтисодиёт тармоғига таъсири бўйича баҳолаш;
  • асосий ижобий ва салбий таъсир йўналишларини аниқ ёритиб бериш;
  • бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболлари билан ўзаро боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Бу мақолада ЕОИИ билан ҳамкорлик ҳақида фикр юритишда мазкур масаланинг кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган бир жиҳати ҳақида фикр юритилмоқда. Яъни, ЕОИИ билан ҳамкорликни кучайтиришнинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва айниқса, халқимиз ҳаётига таъсирини баҳолаш ўта мураккаб ва қийин масала. Бунга эҳтиёж бор, негаки, эксперт ва блогерлар томонидан матбуот ва интернет сайтларида Ўзбекистон ЕОИИга эҳтимолий киришининг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсири бўйича эълон қилинаётган мақолаларнинг муайян қисми ҳиссиётларга берилган, аниқ таҳлилларга асосланмаган ва ўта юзаки фикр ва мулоҳазалардан иборат бўлиб қолмоқда.

Масала ўта кенг кўламли бўлганлиги боис бу топшириқни талаб даражасида бажариш учун Олий Мажлис Сенати даражасида махсус комиссия тузилади. Мазкур комиссияга Дастурнинг 109-бандида кўзда тутилган ташкилот ва идоралар вакиллари ҳамда тегишли мутахассис ва олимлар, экспертлар, жамоатчилик вакиллари, айниқса, шу масалада фикр билдираётган блогерлар ҳам қўшилиши тўғри бўларди. Блогерларнинг бу комиссия таркибига киришишига айримлар қарши бўлиши мумкин. Чунки блогерларнинг кўпчилиги чуқур билимли, жиддий фикрлар билан чиқаётган ватандошларимиздир. Ўйлайманки, улар ҳам Ватанимизни биз каби севишади, халқимиз ҳаёти яхши бўлиши учун қайғуришади.

Энди мазкур Давлат дастурининг 109-банди топшириғида кўзда тутилган вазифалар ҳақида фикр юритамиз. Маълумки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан бошлаб, келгуси истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратди. Натижада “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси” яратилди. Унда мамлакат даражасида ялпи ички маҳсулот, вилоят ва туманлар кесимида ҳудудий ички маҳсулот, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланишининг асосий кўрсаткичлари ҳисоб-китоб қилинган.

Шунга ўхшаган концепция, стратегия, прогнозлар алоҳида вилоят, шаҳар, туманлар, тармоқ ва соҳалар бўйича ҳам ишлаб чиқилди.

Кейинги босқичда ЕОИИ нинг таъсис ва фаолиятини бошқаришга мўлжалланган бошқа норматив-меъёрий ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Бу осон иш эмас, негаки, бу ташкилотнинг энг муҳим 2 тагина ҳужжати, яъни “Евроосиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш бўйича шартнома” 154 варақ ва унинг 1–иловаси бўлмиш “Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳақида Низом” 860 варақдан иборат. Евроосиё иттифоқининг бундан бошқа яна қанча ҳужжатлари бор.

ЕОИИ нинг барча ҳужжатларини ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқилган қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини белгилаб берган концепция, стратегия ва прогнозлар тўпламларини ўрганиб бўлгандан кейингина уларнинг бир-бирига мослигини аниқлашга имкон туғилади. Кўриниб турибдики, бу кўплаб мутахассислар иштирокида амалга ошириладиган ва катта куч талаб қиладиган мураккаб жараён ҳисобланади.

Демак, интернетнинг қайсидир сайтида ўқиб олинган бир мақола ёки ўзининг шахсий фараз ва тахминларига асосланиб ЕОИИга кириш ҳақида фикр юритиш жиддий одамнинг иши эмаслиги кўриниб турибди.

Давлат дастурининг 109-бандидаги кейинги масала ЕОИИга кириш эҳтимолининг иқтисодиётнинг ҳар бир тармоқ ва соҳаларига таъсирини баҳолаш билан боғлиқ. Мабодо ЕОИИга аъзо бўлсак, бу турли тармоқ ва соҳаларимизга турлича таъсир кўрсатади. Масалан, мева-сабзавот экспорти, меҳнат мигрантлари, халқаро транспорт-коммуникация, электр энергия бозори каби қатор тармоқ ва соҳаларга унинг ижобий таъсири ҳозирдан маълум. Автосаноат, маиший техника ишлаб чиқарадиган қатор тармоқларга у жуда катта салбий зарба беради. Негаки, бу тармоқлар турли сабабларга кўра, ўз маҳсулотларини халқимизга жаҳон бозоридаги ўртача баҳолардан юқори нархларда сотиб келишяпти. Мабодо ЕОИИга кирсак, улар янгича шароитларга мослашиб, маҳсулотлари сифатини яхшилашлари ва нархини пасайтириш имкониятларини топишлари шарт бўлади. Акс ҳолда, улар банкрот бўлишлари муқаррар.

Бу ўринда яна бир ўта муҳим масала ҳақида фикр юритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Гап шундаки, мабодо ЖСТ, ЕОИИ ва ёки бошқа иқтисодий иттифоқларга кирсак, уларнинг доирасида экспорт ва импорт товарлар бўйича барча бож тўловлари бир хил бўлади. Бу ўзгариш қайсидир маҳсулотларимиз бўйича бизнинг фойдамизга ишласа, бошқа бир гуруҳ маҳсулотлар бўйича бизга салбий таъсир кўрсатади. Экспорт ва импорт қилинадиган маҳсулотларнинг турлари жуда кўплиги ва ҳар бир маҳсулот бўйича яна бир неча хил стандартларнинг мавжудлиги бу масала бўйича катта –катта вазирлик, идора ва ташкилотлар, олиму-мутахассислар жуда кўп тер тўкишлари ва уларнинг ҳисоб-китобларини қилиб беришлари керак бўлади.

Демак, бундай шароитда маҳсулотларимизни бошқа давлатларга экспорт қилишимиз учун товарларимизни халқаро стандартлар ва сертификатлаш тизимига ўтказишимиз шарт бўлади. Бу ишнинг кўлами қанчалик катта эканлигини кўрсатиш учун битта мисол келтираман. Бу йил маҳсулотлар бўйича 3 мингта стандарт қабул қилишни мўлжаллаганмиз, уларнинг сонини 10 мингта етказмоқчимиз. Шундаям халқаро стандартларга мослигимиз бор-йўғи 40 фоизга етади, холос.

Шу иккитагина мисоллар ҳам кўрсатиб турибдики, ЕОИИга киришнинг ҳар бир тармоқ ва соҳага таъсирини алоҳида-алоҳида ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Яна бир ўта муҳим масала, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан алоқаларининг кучайиши унинг бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик истиқболларига қандай таъсир кўрсатиши билан боғлиқ. Бу ҳақда мен олдин ҳам мақола ёзган ва уни интернет сайтларида эълон қилганман. Қисқа қилиб айтганда, жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва давлатлараро рақобатнинг тобора кучайиб бораётган бир шароитида мамлакатларнинг турли минтақавий ва глобал интеграция бирлашмаларига аъзо бўлиши ёки янги иқтисодий иттифоқлар тузишга бўлган интилишлар тобора кучайиб боряпти. Бу табиий, албатта, негаки бундай иқтисодий иттифоқлар, бир томондан, бир мамлакатнинг бошқа давлат ёки гуруҳлардан ўзини ҳимоя қилиш воситаси бўлса, икккинчи томондан, иқтисодий тараққиётнинг муҳим манбаи ва резерви бўлиб хизмат қилмоқда.

Интернет сайтларида айрим эксперт ва блогерлар Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши унинг ЖСТга кириш жараёнини қийинлаштиради, деган фикрларни эълон қилишяпти. Бу умуман тўғри фикр ва мен ҳам унга қўшиламан. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон мабодо ЕОИИга кирса, кейин ЖСТга аъзо бўлган айрим давлатларда мамлакатимизга нисбатан қўшимча саволлар пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Муайян бир минтақавий ёки глобал иттифоқ аъзоси бўлган давлат ЖСТга кираётганда мазкур ташкилотнинг аъзо давлатларида мазкур давлат олдига янги муаммолар қўйишганлиги олдин ҳам учраган. Бу муаммолар мазкур давлатлар делегацияларининг учрашувларида муҳокама қилинган ва ҳар икки томоннинг манфаатларига мос келадиган келишувларга эришилган.

Бундан ташқари, қатор давлатлар бошқа бир иттифоқларнинг аъзоси бўла туриб, ЖСТга қабул қилинишган. Европа иттифоқига аъзо бўлган Шарқий Европа давлатлари ҳам Европа иттифоқига аъзо бўлиб турган ҳолда ЖСТга аъзо бўлиб кира олишган. Кўриниб турибдики, қайсидир бир давлат бирор бир иттифоққа аъзо бўлиб турган ҳолда ЖСТ га қабул қилиниши кўп учраган ҳодиса экан. Демак, Ўзбекистон ҳам бу ишни қила олади, деган фикрдаман.

Қолаверса, турли иқтисодий иттифоққа аъзо давлатлар жаҳон давлатларининг мутлоқ кўпчилигини ташкил этади ва уларнинг жаҳон иқтисодиётида тутган ўринлар жуда катта. Масалан, айни пайтда жаҳоннинг энг йирик 9 та иқтисодий иттифоқига ( Европа иттифоқи, АСЕАН, НАФТА, МЕРКОСУР, БРИКС, Мустақил давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти, ЕОИИ, Жанубий Африка божхона иттифоқи) кирувчи давлатлар 2018 йилда жаҳонда яратилган ялпи ички маҳсулотнинг 76,0 фоизини ишлаб чиқаришган.[1]

ЖСТга аъзо бўлган айрим давлатларда мабодо Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, у ЖСТга аъзо давлатлар билан иқтисодий алоқаларини камайтириши мумкин, деган ҳадик ҳам бор. Бу нотўғри ва асосга эга бўлмаган хавотир. Негаки, Ўзбекистон ўз олдига истиқболда ривожланган давлат бўлиш вазифасини қўйган. Бунинг учун у ривожланган давлатлардан инновацион ва рақамли технологиялар, юқори унумли машина ва механизмлар, замонавий қурилиш материаллари, алоқа воситалари кабиларни сотиб олиши керак бўлади. ЕОИИга аъзо давлатларда буларнинг кўпи ҳали йўқлиги маълум. Демак, бу жараёнлар бир-бирига ҳалақит қилмайди.

Ўзбекистон келгуси истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мақсад қилган. Лекин мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатлари шуни тақозо этса, биз ЕОИИга ёки бошқа иқтисодий иттифоққа киришимиз ҳам мумкин. Бир пайтнинг ўзида бир нечта иттифоққа аъзо бўлиш жаҳон ҳамжамиятида оддий бир ҳол эканлигини эса юқорида кўриб ўтдик.

Яна қайтараман, айрим эксперт, олим ва блогерлар ЕОИИга киришишимизнинг ижобий ва салбий таъсирларини қаердадир эшитган ёки ўқиган мақолалари, Россияда ишлаяпган битта–иккита танишлари, ҳатто кўчада ёки чойхонада эшитган фикрларига асосланган ҳолда ўта юзаки баҳолашмоқда. Бу нотўғри ва бу йўллар билан улар ўзларини ва баъзан бошқаларни ҳам чалғитишмоқда. Мен бундай эксперт ва блогерлар эътиборини мазкур мақолада баён этилган масалаларнинг жавобини аниқлаб олгандан кейингина ЕОИИга киришнинг асосий ижобий ва салбий таъсир йўналишларини баҳолаш мумкинлигига қаратмоқчиман.

Хуллас, бундай ўта мураккаб ва кенг қамровли жараён ҳақида юзаки фикрлар билдирмайлик. Масалани чуқурроқ ўрганайлик ва кейин хулоса қилайлик. Ватанимиз ва халқимизнинг истиқболи порлоқ бўлишини хоҳласак, ҳаётимизга бевосита таъсир кўрсатадиган масалаларга нисбатан жиддийроқ муносабатда бўлганимиз мақсадга мувофиқ бўларди.

Одил Олимжонов,

иқтисод фанлари доктори, профессор

[1] https://data.worldbank.org/indicator/BX.GSR.GNFS.CD маълумотлари асосида муаллиф ҳисоблаган.

Ушбу мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, таҳририят ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар