Молия вазирлиги: “Coca-cola” давлат улуши хусусий инвесторга сотилади

Молия вазирлиги: “Coca-cola” давлат улуши хусусий инвесторга сотилади

“Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторга сотилади. Айнан шундай вазифа озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиб соҳага замонавий ишлаб чиқариш ва бошқарув технологияларини жорий этиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Фармойиши билан белгиланди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу жараённинг самарадорлиги ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Инвесторлар билан ишлашни ташкил қилиш, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида дунёнинг етакчи банкларидан молиявий маслаҳатчи сифатида JP Morgan, Rothschild & Co, Credit Suisse банклари орасидан бири танланади.

Маълумот учун, JPMorgan Chase - Америка молиявий холдинг компанияси. АҚШдаги "Катта Тўртлик" банкларидан бири саналади. 2003 йилдан ҳозирги кунгача айнан Coca-Cola бренди билан боғлиқ 15 та йирик (миқдори 448 млн 6 млрд АҚШ долларгача) келишувларда иштирок этган. JP Morgan ичимликлар соҳасидаги энг йирик маслаҳатчилардан бири бўлиб, Coca-Cola билан бевосита иш олиб бориш ва унинг битимларида маслаҳатчи сифатида иштирок этиш бўйича тажрибага ҳам эга.

Credit Suisse Швейцариянинг иккинчи йирик молиявий конгломерати бўлиб, 7 та бўлинмадан иборат. Ушбу банк ичимликларни ишлаб чиқарувчи компаниялар билан ишлаш бўйича шубҳасиз дунё етакчиларидан бири ҳисобланади, ҳамда тегишли равишда охирги 20 йилда 30 млрд. АҚШ долларига яқин.

Coca-Cola компаниясини турли мамлакатларда сотиш ва бирлаштириш жараёнларида молиявий маслаҳатчиси сифатида иштирок этган. Банк молиявий маслаҳатчи сифатида Coca-Cola компаниясининг бутун дунё бўйлаб қатор муҳим битимларида иштирок этган.

Rothschild & Co халқаро молиявий холдинг компаниясидир. Сўнгги 8 йил мобайнида, банк Coca-Cola гуруҳи билан боғлиқ 10 дан ортиқ битимларда маслаҳатчи сифатида қатнашган. Шу жумладан, ‘Costa Coffee’ни сотиб олиш бўйича 2018 йилда 5.1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги келишув бўйича банк томонидан маслаҳат хизматлари кўрсатилган. Бу ўз навбатида банк нафақат ичимликлар соҳасида, балки Coca-Cola гуруҳи билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш бўйича бой тажрибага эга эканлигини намойиш этади. Банк жаҳон инвестицион банкларининг Топ-10талигига киритилган бўлиб, Европа мамлакатларида барқарор етакчи ўринларни сақлаб турибди.

Шунингдек, "Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, ltd” устав капиталидаги давлат улушини сотиш жараёнини умумий мувофиқлаштириш, шу жумладан, биринчи босқичда компанияни баҳолаш (due diligence), сотиш стратегиясини ишлаб чиқиш, бизнес план ва молиявий модель тайёрлаш вазифалари қўйилади. Иккинчи босқичда салоҳиятли инвесторларни аниқлаш учун рақобат жараёнини ташкил қилиш, мунозараларда иштирок этиш, энг яхши таклифни танлаш бўйича маслаҳат бериш, сотиш ҳужжатларини тайёрлаш ва имзолашни ташкил қилиш хизматларини тақдим этади.

Бундай ёндашув хусусийлаштириш савдосини шаффоф ва самарали ўтказиб, келгусида хусусийлаштиришга инвесторларни жалб қилиш учун намуна, ёки бенчмарк бўлади. Ушбу жараёндан асосий мақсад - компанияни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига янги технологияларни жалб қилиш, корпоратив бошқарувни яхшилаш орқали компаниянинг самарадорлигини ошириш имконини беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар