Май ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуни кучга киради

Май ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуни кучга киради

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун ушбу соҳада давлат бошқаруви органлари ваколатини белгилайди. Мазкур ҳужжатда махсус иқтисодий зоналарнинг(МИЗ) таснифлари, уларнинг иштирокчиларига бериладиган ҳуқуқ ва имтиёзлар ҳамда соҳага доир муносабатларнинг тартиб қоидалари келтириб ўтилган.

Аввало МИЗларнинг таснифига тўхталиб ўтамиз:

- эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) – янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш, шунингдек, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд;

- махсус илмий-технологик зона – инновация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларида илмий ташкилотлар ва илмий фаолият соҳасидаги бошқа ташкилотлар (технологик парклар, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлари, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар) тўпланган ҳудуд;

- туристик-рекреацион зона – замонавий туристик инфратузилма объектларини (меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туристик аҳамиятдаги объектларни), махсус фаолият кўрсатувчи ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида зарур шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда барпо этишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ҳудуд;

- эркин савдо зоналари - консигнация омборлари, махсус божхона ва солиқ режимлари бўлган ҳудудлар, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончалар. Улар чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғланмаларида ёки бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади;

- махсус саноат зонаси – бошқарув, хўжалик ва молиявий фаолиятнинг алоҳида режими жорий этиладиган ҳудуд, зарур маъмурий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш учун ер участкаларини ажратиш орқали шакллантириладиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш зоналарини ўз ичига олади;

Қонунда махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш тартиби, шунингдек, бошқариш масалалари (маъмурий кенгашнинг фаолият кўрсатиши) атрофлича баён этилган.

Ҳужжатда ҳар бир зона учун умумий ва алоҳида талаблар белгиланган. Хусусан, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш таъқиқланади. Масалан, қурол ва ўқ-дорилар, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва ҳоказо. Шунингдек, қонунда инвестиция буюртманомасини бериш ва кўриб чиқиш, инвестиция битимини тузиш, муддатини узайтириш ва тугатиш жараёни белгиланган.

Қонуннинг алоҳида боби махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига бағишланган бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар томонидан мақомни олиш, йўқотиш ва маҳрум қилиш тартиб тамомиллари қайд этилган.

МИЗ иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам назарда тутилган. Солиқлар бўйича имтиёзлар ва уларни қўллаш тартиби Солиқ кодексида белгиланган. Шунингдек, божхона тўловларидаги имтиёзлар ҳам кўрсатилган, хусусан, иштирокчилар қуйидаги ҳолатларда божхона тўловини тўлашдан озод этилади:

- мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши бизда ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

- ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар олиб кирилганда (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

Бундан ташқари, МИЗ иштирокчилари товарларни импорт қилганда ҚҚСни 120 кунгача муддатга кечиктириб тўлашга ҳақли. Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚСнинг ўрни уларга 7 кун давомида соддалаштирилган тартибда қоплаб берилади. Тўланган ҚҚС суммаси МИЗ иштирокчиларига республика бюджетидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қоплаб берилади.

Мазкур қонун кучга киргунга қадар ЭИЗлар дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ЭИЗлар иштирокчилари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолинади.

Қонун 2020 йилнинг 19 май куни кучга киради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар