Корпоратив ижтимоий масъулият тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сонининг кўпайиши гаровими?

Корпоратив ижтимоий масъулият тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сонининг кўпайиши гаровими?

Ҳозирги кунда Ўзбекистонга хорижий сармояларни жалб этиш учун қулай шароитлар яратилишига қарамасдан инвестициялар етарли даражада кириб келяпти деб айта олмаймиз. АҚШ Давлат департаментининг 2019 йил Ўзбекистон бўйича баёнотида келтирилишича, Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция (ТТХИ) ларнинг аниқ ҳажми ҳақида оммавий ахборот йўқ, лекин баъзи расмий ҳужжатларга асосан 2018 йилда ТТХИ 1,6 миллиард АҚШ долларидан кам бўлганини кўрсатилган (ЯИМнинг қарийб 3 фоизи). Бу рақам 2017 йилдагига нисбатан камлиги (2,4 миллиард АҚШ доллари) ва айниқса ҳукуматнинг 5,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида валюта маблағларини жалб қилишни кўзда тутадиган прогнозидан жуда камлиги таъкидланган. Ҳукумат экспертларига кўра эса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳажми ва ўсиш суръати ҳар йили тахминан 12 миллиард долларлик ТТХИни талаб этади.

Ўзбекистонда ривожланган мамлакатлардан корхоналар кириб келиши суръати ҳам қониқарли эмас. Тўғри, 2018 йилда хорижий капиталга эга компаниялар сони 2 385 тага кўпайган, лекин чет эл сармоядорларининг аксарияти Россия (428), Туркия (364) ва Хитойдан (351). Эътибор берсангиз, компаниялар орасида Европа ёки АҚШ сармоядорлари жуда кам.

КИМ нима?

Ташкилот ва бизнесларнинг даромад олиш билан бирга, жамиятнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши (ҳайрия ишларини бажариш, ўз ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ечишда ўз ҳиссасига эга бўлиш), уларнинг барча манфаатдор томонлари олдидаги маъсулиятни бажариши, ўз фаолияти давомида табиатга зарар етказмаслик ҳамда миллий қонунларга риоя қилиши, таъминот тизими масъулиятини таъминлаши ва ҳоказолар КИМ нинг асосий талабларидир.

КИМ Афзалликлари

Биринчидан, бир қатор олиб борган тадқиқотларга кўра, хорижий сармоядорлар муайян мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини аниқлашда ушбу юртдаги шаффофлик даражасига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Кучли КИМ сиёсатига эга бўлган компания юқори шаффофлик даражасига эга бўлади ва КИМ фаолиятларини кенг оммага ва манфаатдор томонларга етказишга, номолиявий ҳисоботларни чоп этишга ҳаракат қилади. Бундай компаниялар ошкоралик принципларига амал қилади, бу эса инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг компания ҳақида етарли маълумот олишига имкон беради. Маълумотларни оммага ҳавола этадиган компаниялар сармоядорлар эътиборига тезроқ тушади.

Иккинчидан, кучли КИМ стратегиялари тадбиркорларга эҳтимолий рискларни бошқаришга ёрдам беради ва бу орқали улар бозордаги рақобатчилар орасида устунликка эга бўлади.

Жаҳон бозорида муваффаққият қозониш учун компания ва ташкилотлар кучли КИМ сиёсатини ишлаб чиқишлари, иқтисодий, ижтимоий ва экологик стандартларини яхшилаши зарур. Масалан, энг йирик инвестицион компанияларнинг ривожланаётган мамлакатларга киришдан қўрқишининг сабаби шуки, улар киритаётган сармояларининг этикага тўғри келмайдиган тадбиркорлик фаолиятига ишлатилишидан хавфсирашади, чунки бу уларнинг обрўсига путур етказади.

Учинчидан, ҳозирда масъулиятли бизнес ва муваффақиятли бизнес тушунчалари бир бирига боғлиқ тушунчаларга айланган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, сармоядорлар орасида ва молиявий бозорларда КИМ фаолиятини амалга оширувчи, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга уринувчи бизнесларни яхши бошқарувга эга бизнеслар деб ҳам тан олинган. Ташкилотнинг экологик, ижтимоий ва бошқарув (ESG) метрикаларига оид маълумотлар сармоядорлар учун компанияларнинг молиявий муваффақияти гарови деб тан олинмоқда.

Ғарбда компанияларнинг атроф муҳитга бўлган таъсирларини, ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги ва жамият ривожига ҳисса қўшишлари ҳамда ички иш юритувлар ҳақида (ESG) маълумот йиғиб, уларни анализ қиладиган махсус фирмалар бор. Буларга мисол қилиб, Sustainable asset management, Morgan Stanley, Trucost, Sustainalytics ларни келтирса бўлади. Инвесторлар ана шу фирмалар хизматидан фойдаланиб, барқарор ва масъулиятли бизнеслар рўйҳатидан ўзларига ёққанини танлаб, улар билан иш қилади.

Тўртинчидан, ижтимоий масъул сармоядорлар сони кун сайин ортиб бормоқда, инсонлар экологик ва ижтимоий муаммоларга яна ҳам кўпроқ эътибор бермоқдалар. Boston Consulting Group ўтказган сўровларга кўра, агар бирон бир компанияда барқарор бўлмаган кўрсаткичлар қайд этилса, инвесторларнинг 44 % унга сармоя киритмаслигини айтган. Инвестиция ширкати бошқарув кенгаши аъзоларининг қолган 60 %, агарда улар сармоя қилган компания масъулиятсиз амалиётларни амалга оширадиган бўлса, сармояларини қайтиб олишларини айтганлар.

Ўзбекистон мисолида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев доимо чиқишларида Ўзбекистон хом пахта эмас, балки юқори сифатга ва қийматга эга тайёр маҳсулотни сотишга эътибор қаратишни гапирадилар. Бу бизга пахтадан кўпроқ даромад олишга ёрдам беради. Масалан бир футболкани Ўзбекистонда 22 минг сўмга сотсак, уни АҚШ ёки Европада 22 $ АҚШ долларидан сотишимиз мумкин. Лекин ҳозирча бу давлатларда ошиғимиз олчи эмас, Осиё давлатларида эса айни нархда маҳсулот сотиш қийин. Хўш Европадаги ва АҚШ каби ривожланган давлатлар билан боғлиқ бу вазиятни қандай яхшиласа бўлади? КИМ принципларини амалга қўйиш бизга қанчалик ёрдам беради?

Халқаро меҳнат ташкилотининг (ILO) 2019 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистон пахта йиғим-теримида систематик ёки систематик болалар меҳнатидан фойдаланиш ёки мажбурий меҳнат йўқ. Одамларни пахта теримига мажбур қилиш учун мўлжалланган марказий ҳукумат сиёсати, қоидалари, тизимлари ёки ҳаракатлари йўқ. Бунинг натижасида АҚШ нинг ўзбек пахтасига бозор тақиқларини бекор қилиш тўғрисидаги қарори жуда яхши қадамлардан бўлди. Лекин шунга ҳам қарамай бойкот ҳали тугаганича йўқ.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари бўйича форумнинг директори Эрик Готтвалд изоҳлашича "Тақиқлар бекор қилинган бўлсада бойкот эълон қилган брендлар ўзбек пахтасини сотиб олишга шошилмаяптилар. Чунки улар Ўзбек пахтасини ишлата бошласа бу уларга репутациялари билан боғлиқ катта муаммоларни келтириб чиқариш хавфи бор”.

Эслатиб ўтиш жоиз, АҚШда жойлашган "Cotton campaign" кампаниясининг Ўзбекистон пахтасига қарши бойкотини 313 Шимолий Америка ва Европа брендлари имзолаган. Булар ичида масалан Adidas, amazon, Balenciaga, bottega Veneta, calvin klein, Gap, H&M, Gucci, Ikea, Levis, Nike каби дунёга машҳур брендлар бор.

Ўзбекистонда КИМ тамойиллари ва масъулиятли бизнес талабларини ишлаб чиқиш учун қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин:

  • Бизнеснинг ошкоралигини рағбатлантирадиган қонунларни ишлаб чиқиш ва бу принципга амал қилувчиларни қўллаб қувватлаш;
  • Давлат даражасида КИМни таъминлаш. Биздаги жамиятнинг пассивлиги шароитида, дастлабки босқичда ҳукумат КИМни ривожлантириш бўйича асосий ислоҳотчи сифатида ҳаракат қилиши керак. Ушбу соҳада юқорида келтирилган қатор халқаро қўлланмалар асосида стандартлар ишлаб чиқиш лозим;
  • Номолиявий ҳисоботларни чоп этишни рағбатлантириш ва бу борада йўл-йўриқлар ишлаб чиқиш;
  • Тадбиркорларни ўз бозорларини кенгайтириш ва маҳсулот сифатини таъминлашлари учун таъминот занжирларидаги маъсулиятларини халқаро кўрсатмаларга асосан амал қилишларини рағбатлантириш;
  • КИМ тамойилларини тарғиб қилишда омманинг савиясини ошириш (маърузалар, семинарлар, брифинглар, оммавий ахборот воситаларида интервюлар ва х.з.). КИМ тамойиллари ва унинг ривожланиши билан боғлиқ тадқиқотлар ва нашрларни рағбатлантириш;
  • Бизнес ва ташкилотларга КИМни ривожлантириш мақсадида маслаҳат хизматларини ташкил қилиш;
  • Хорижий ва кўп миллатли корхоналардан бошқа ривожланган давлатларда амалга оширадиган КИМ ва халқаро стандартларига амал этиш тартибларини худди шундай тарзда Ўзбекистонда ҳам риоя қилишларини талаб этиш.

Малика Шарипова, корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, CARE CSR консалтинг компанияси асосчиси ва раҳбари

Тўлиқ мақола "Экономическое обозрение" журналининг 8 сонида чоп этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар