Истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси ўтган ҳафтага нисбатан бироз ошди

Истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси ўтган ҳафтага нисбатан бироз ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 28 июль ҳолатига кўра, аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.

Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).

Натижада қуйидагилар аниқланди:

2020 йил 28 июль ҳолатига озиқ-овқат нархлари индекси республикада ўтган ҳафтага нисбатан +0.30% ташкил этди.

Маълумот учун: пиёз, сабзи олма, узум, картошка, тухум ва балиқ каби маҳсулотлар нархида ўтган хафтага нисбатан ўсиш кузатилди. Хусусан, пиёз (1кг) нархи +3.46% га ошиб 1794 сўмни ташкил этди. Сабзининг (1кг) ўртача нархи +2.07% га ошиб, 2413 сўмни ташкил этди. Олманинг (1кг) ўртача нархида ҳам +2.21% ўсиш қайд этилиб, 9326 сўмга тенг бўлди. Узумнинг (1кг) ўртача нархи республикада 9825 сўмни (+0.96% га ўсиш) ташкил қилди. Картошка (1кг) ва тухум (10 дона) каби маҳсулотлар нархида ўтган ҳафтага нисбатан +0.74% ўсиш кузатилиб, мос равишда 3824 ва 8615 сўмга тенг бўлди. Гўшт маҳсулотларидан балиқ нархи 1 кг учун 22876 сўмни (+0.77% ўсиш) ташкил қилди. Бошқа гўшт маҳсулотларининг нархида сезиларли ўсиш қайд этилмади ва мол гўшти (1кг) 52551 сўмга (+0.43% ўсиш), қўй гўшти (1кг) 54498 сўмга (+0.38% ўсиш) ва парранда гўшти (1кг) 21172 сўмга (+0.12% ўсиш) тенг бўлди, (1-жадвал).

1-жадвал. 28 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши ёки пасайиши, (%)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари

Шунингдек, мавсумий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кескин пасайгани кузатилди.

Маълумот учун: полиз экинлари нархлари сезиларли тушиб, қовун нархи ўтган ҳафтага нисбатан -9.38% пасайди ва республика бўйича 2820 сўмни ташкил этди. Қовоқ нархи -9.31% пасайган бўлиб, 2935 сўмни ташкил этди. Тарвуз нархида -4.24% пасайиш қайд этилди ва 1489 сўмга тенг бўлди. Помидор ва бодринг нархлари мос равишда 3323 сўм ва 2519 сўмни ташкил этди. Нокнинг ўртача нархи -1.80% га пасайиб 14408 сўмни ташкил этди. Сут нархи 5371 сўмни (-0.11%) ташкил этди.

Шакар ва ловия нархида деярли ўзгаришлар сезилмади, (1-жадвал).

Ҳудудлар бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индексининг пасайиши Хоразм (-0.54%), Жиззах (-0.45%), Сурхандарё (-0.11%), Фарғона (-0.06%) ва Андижон (-0.02%) вилоятларида кузатилди.

Бошқа ҳудудларда нарлар индексининг ўсиши кузатилди. Хусусан, Наманган вилоятида нархлар индекси +1.58% ни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида озиқ-овқат нарларининг ушбу ҳудудда олдинги ҳафтага нисбатан ошганинидан далолат беради. Худди шундай хулосани Тошкент шаҳри (+0.86%) ва вилоятидаги (+0.42%), Қорақалпоғистон Республикасида (+0.72%) ва Кашқадарё (+0.36%) вилоятида озиқ-овқат нарларининг индекси бўйича таъкидлаш мумкин.

Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Сирдарё вилоятида озиқ-овқат нархларининг индекси деярли ўзгаришсиз қолди, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат нархларининг олдинги ҳафтага нисбатан барқарорлигидан далолат беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар