Иқтисодиёт тармоқларида cунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Иқтисодиёт тармоқларида cунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигида ташкилотлар, идоралар ҳамда тадбиркорлар иштирокида Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларида сунъий интеллектни ривожлантириш концепцияси ва “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда сунъий интеллект ўрни” мавзусига бағишланган йиғилишни инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Азимжон Назаров очиб берди.

— Жаҳон Интеллектуал мулк ташкилотининг 2019 йил эълон қилган маълумотига кўра, 1960 йилдан 2018 йилга қадар сунъий интеллект билан боғлиқ 340 000 та патент олинган ва 1 636 649 та илмий мақолалар чоп этилган. 2002—2017 йиллар оралиғида сунъий интеллект соҳасида чоп этилаётган мақолаларнинг йиллик ўсиш суръати 5.6% ни ташкил этмоқда, олинган патентлар сонининг йиллик ўсиш суръати эса қарийб 28% ни ташкил этади. 2030 йилга келиб СИнинг глобал иқтисодиёт ЯИМга қарийб 15 триллион доллар киритиши тахмин этилмоқда. Қувонарли жиҳати шундаки, давра суҳбати давомида мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш ва ушбу соҳада илғор мамлакатлар қаторидан жой олишимиз учун фундаментал ва амалий асослар мавжудлиги яққол кўринди, — деди А.Назаров.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари томонидан тайёрланган тақдимотда халқаро миқёсда CИга қизиқиш ортиб бораётгани айтиб ўтилди ва рақамли иқтисодиёт бўйича етакчилик қилаётган мамлакатлардаги (АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Япония, Германия, Франция ва бошқалар) сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси ҳақида маълумотлар берилди. Бундан ташқари, СИ бўйича илмий нашрлар ва патентларнинг ўсиб бориши кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, “Smart Chain” МЧЖ вакили Бобур Раҳимов “Туризм сосҳасида сунъий интеллект технологияларни қўллашнинг ижобий жиҳатлари“, “Ўзелтехсаноат“ уюшмаси вакили Абдумалик Кенжабоев “Саноатдаги СИ“, Аброр Мусаханов (Тошкент тиббиёт Академияси) “Соғлиқни сақлашда сунъий интеллект“ ҳамда Бегзод Ортиқов (“EcoTexnoCity” МЧЖ) “Смарт университет“ лойиҳаларининг тақдимотини ўтказди.

Семинар якунларига кўра иқтисодиётга сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва жорий этишнинг навбатдаги қадамлари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди. Таклиф этилган ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда СИ ривожланиш концепциясини яратишда ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.

Тадбир якунида А.Назаров Фанлар академияси, олий таълим муассасалари вакиллари, стартап лойиҳалар асосчилари, тадбиркорлар, хусусий компаниялар, шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги таклиф этилган экспертлар иштирокида форсайт ташкил этишни таклиф қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар