Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Брюсселда тақдимот ўтказди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Брюсселда тақдимот ўтказди

Жорий йилнинг 18-23 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегацияси Европа Иттифоқи (ЕИ) пойтахтида ишчи сафари билан бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг директори О. Ҳакимов, Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа менежери О. Олимжонов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори Г. Исмоиловалар иштирок этишди.

Ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг устувор йўналишларини очиб бериш, Европа Иттифоқининг сиёсий доираларига Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишдан иборат.

Ташриф доирасида жорий йилнинг 18 февраль куни Брюсселдаги (Бельгия) Ўзбекистон Республикасининг элчихонасида "Ўзбекистон ташқи сиёсати: глобал ва минтақавий савдо-иқтисодий ташкилотлар (Жаҳон савдо ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти) билан ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг манфаатлари, принциплари ва кутилаётган натижалари" мавзусида тақдимот бўлиб ўтди.

О. Ҳакимов йиғилганларни мамлакатимизнинг халқаро майдондаги манфаатларини илгари суришда эришган ютуқлари ва устувор йўналишлари, шунингдек, Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида Ҳукумат олдида турган вазифалар ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни ташқи сиёсий соҳада эълон қилинган Олий Мажлисга Мурожаатномасининг асосий жиҳатлари таъкидлаб ўтилди:

  • Ҳозирги ютуқлар, минтақавий сиёсатнинг устувор йўналишлари;
  • Халқаро ташкилотларда иштирок этишнинг устувор йўналишлари;
  • Минтақавий ва халқаро савдо-иқтисодий тузилмаларга интеграциялашга ёндашувлар.

Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий савдо-иқтисодий тузилмалари, биринчи навбатда ЖСТ ва ЕОИИ билан ўзаро ҳамкорлигини чуқурлаштириш тамойиллари ва кутилаётган натижалари ҳақида маълумот берди.

Маълумот учун: жорий йилнинг январь ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши республика иқтисодиётининг муҳим тармоқларига таъсири ҳақидаги тадқиқотни якунладилар. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳозирда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг таъсири тўғрисида шунга ўхшаш тадқиқот олиб бормоқда, унинг натижалари яқин орада эълон қилинади.

Тақдимот давомида Иқтисодий таҳлил Марказ директори ЖСТга аъзо бўлишнинг Ўзбекистон учун бир қатор афзалликлари ҳақида гапирди, масалан:

  • Ташкилотга аъзо бўлиш юқори технологиялар ва ускуналарни иқтисодиёт тармоқларига киритиш орқали барча соҳаларда илмий ва техник тараққиётни тезлаштириш имкониятини оширади;
  • Истеъмолчилар юқори сифатли маҳсулотлардан кенгроқ фойдаланишлари мумкин бўлади;
  • Ўзбекистон савдо низоларини ҳал этиш механизмида ва халқаро савдонинг янги қоидаларини ишлаб чиқишда тўлиқ иштирок этиши, шунингдек, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу босқичда Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, иқтисодий ўсиш сифатини ошириш ва аҳоли ҳаёти учун муносиб турмуш шарт-шароитларни яратишни талаб қилади. Бунга рақамли технологиялардан максимал даражада фойдаланган ҳолда хом ашёни қайта ишлашга асосланган иқтисодий моделдан ресурсларни тежайдиган, иқтисодий ўсишнинг инновацион моделига ўтиш орқали эришиш мумкин.

Халқаро савдода иштирок этишнинг афзалликларидан фойдаланиш учун мамлакат самарали макроиқтисодий сиёсатга, зарур институтларга (солиқ, божхона, ҳуқуқий, молиявий, маркетинг ва бошқалар) ва қулай инфратузилмага (транспорт ва логистика, коммуникация, ахборот ва бошқалар) эга бўлиши керак.

2019 йилнинг кузидан бошлаб Ўзбекистонда халқаро иқтисодий бирлашмаларга, биринчи навбатда, ЕОИИ ва ЖСТга аъзо бўлиш масаласи бўйича мунозаралар кучайган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш масаласи очиқлигича қолмоқда ва айни пайтда мамлакат парламенти томонидан Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга аъзо бўлишининг салбий ва ижобий тарафлари ўрганилмоқда.

Тақдимот якунида иштирокчиларга Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлган тақдирда савдо сиёсатидаги ўзгаришларнинг Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, турли иқтисодий марказлар томонидан ЕОИИга аъзо бўлишнинг умумий самарасини баҳолаш ҳамда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатига таъсири маълум қилинди:

  • Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази + 0.9%га;
  • Россия иқтисодий сиёсат институти Э.Т. Гайдар + 1,0% га;
  • "Berlin Economics" мустақил консалтинг компанияси (таҳлил маркази) + 0,23% га.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги вақтда экспортни қўллаб-қувватламасдан ва янги бозорларга чиқмасдан иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Бундай шароитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлагандек, жаҳон бозорларига товарларни экспорт қилиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий стратегияни қайта кўриб чиқиш зарур эканлиги якдиллик билан маъқулланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар