ЕОИИда “кузатувчи” мақомида иштирок этиш бўйича парламент қарори — халқ хоҳиш-иродасининг натижасидир

ЕОИИда “кузатувчи” мақомида иштирок этиш бўйича парламент қарори — халқ хоҳиш-иродасининг натижасидир

Жорий йилнинг 11 май куни Олий Мажлис Сенати қуйи палата томонидан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилотида (ЕОИИ) “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш тўғрисида қабул қилган қарорини маъқуллади.

Ўзбекистонга “кузатувчи давлат” мақоми нима беради ва бу минтақадаги ҳамкорликка қандай таъсир қилади? Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов жавоб беради.

— Парламентнинг Ўзбекистонни ЕОИИга “кузатувчи давлат” бўлиб кириши тўғрисидаги қарори ҳақида қандай фикрдасиз?

— Олий Мажлиснинг қуйи ва юқори палаталарида ушбу масала юзасидан овоз бериш натижалари мамлакатимиз сиёсий майдонида мутлақо янги парламент пайдо бўлганини кўрсатди. Қарор илгаригидек оддий тасдиқлаш йўли билан эмас, балки демократик жараёнлар натижасида қабул қилинди. Ушбу жараён умумхалқ муҳокамаси бўлиб ташкил қилинди, халқ ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши таъминланди ҳамда ушбу қарорнинг мамлакатимиз миллий манфаатларига мувофиқлигига ҳар томонлама баҳо берилди.

Умуман олганда, парламентнинг Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақоми тўғрисидаги қарори мамлакатимиздаги сайловчилар жуда катта қисми манфаатларининг ҳақиқий ифодаси бўлди.

Халқ вакиллари парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланган ҳолда ҳукумат, вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлари ва экспертларнинг хулосалари ва баҳоларини тингладилар, жойларда ушбу мавзуда жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди. Халқ билан самарали уюштирилган мулоқот амалда ОАВни жамоатчилик манфаатлари ҳисобга олинадиган ва ҳар томонлама ўйланган қарорлар қабул қилинадиган ҳақиқий мунозаралар майдонига айлантирди. Бу мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлашнинг ёрқин намунаси бўлди.

Бир сўз билан айтганда, биз янги демократик жараённинг гувоҳи бўлдик, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида парламент ва сиёсий партияларнинг мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим масалаларини ҳал қилиш, давлат бошқаруви тизимида уларнинг ролини ошириш ҳамда фуқароларнинг жамият ва давлатни бошқаришдаги иштирокини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, парламент эса ҳақиқий “демократия мактаби”га айланиши, қарорлар халқ билан очиқ ва ошкора, фуқароларнинг талаб ва манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиниши кераклигини бир неча маротаба таъкидлаган.

Ўтказилган барча муҳокамаларнинг асосини сўнгги уч йилда мамлакатимиз иқтисодий ўсишининг юқори суръатларга эришаётганлиги ташкил этди, бу эса, ўз навбатида, ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган чораларни фаоллаштиришни талаб этади.

Юртимизда инвестициялар, технологиялар ва замонавий технологиялар ва ноу-хауларни жалб қилишни талаб қиладиган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, янги истиқболли бозорларга чиқиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон жаҳон иқтисодий муносабатларида фаол иштирок этмоқда, халқаро иқтисодий маконга қўшилмокда, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритмоқда.

Ўзбекистоннинг танлаган иқтисодий ривожланиш йўли халқаро ва минтақавий бирлашмалар, шу жумладан ЕОИИ билан самарали ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади. Бу бир томондан, ушбу Иттифоқда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларимиз тобора кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорларимиз бўлган Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг аъзо эканлиги, иккинчи томондан — кенгроқ иқтисодий маконда маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини оширишга имконият яратилиши билан боғлиқ.

— Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олиш Ўзбекистонга яқин истиқболда нима беради?

Кузатувчи мақоми Ўзбекистонга ЕОИИнинг аъзолари ва ҳамкор давлатлари билан мулоқотни мустаҳкамлаш, ташкилотнинг дастурий ва шартномавий органлари ҳужжатларини амалда татбиқ этилишини янада чуқурроқ ўрганиш, аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари, қарор қабул қилиш жараёни, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база ва уни қўллаш амалиёти каби муҳим жараёнлар билан танишиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, ташкилот ичидаги жараёнларга қўшилган ҳолда бизда улардан доимий равишда хабардор бўлиб туриш ҳамда миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ЕОИИ иқтисодий сиёсатини шакллантиришда билвосита қатнашиш имконияти юзага келади. Шу билан бирга, ушбу интеграцион тузилмада кузатувчи бўлиш иқтисодий соҳадаги мавжуд қонунчилигимизни ЕОИИ талаб ва қоидаларига мувофиқлаштириш имконини беради.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо-давлатлар билан иккитомонлама ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Мисол учун, 2016 — 2019 йилларда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо-давлатлар билан умумий товар айирбошлаш ҳажми 60 фоизга ошиб, қарийб 10 миллиард долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ташқи савдосидаги улуши 30 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми эса 75 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

ЕОИИда кузатувчи мақомининг яна бир афзаллиги унда иттифоқ талабларига риоя қилиш мажбуриятининг юкланмаслиги, айни вақтда Иттифоқ билан ҳамкорлик истиқболлари маҳаллий бизнес вакилларига янада рақобатбардош бўлиш учун ўз фаолиятларини такомиллаштириш масаласини долзарблаштиради. Бундан истеъмолчилар ва умуман модернизациянинг янги босқичига чиқиши орқали иқтисодиёт ютади.

Амалиётда кузатувчи мақоми қандай қўлланилади?

— Ушбу мақомга эга бўлган давлат ўзининг доимий вакилини ЕОИИнинг доимий фаолият юритадиган муҳим органи ҳисобланадиган Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) қароргоҳига юборади. Шу тариқа, мамлакатимизнинг доимий вакили Комиссия ва унинг органлари билан Иттифоқ ҳудудида олиб борилаётган иқтисодий сиёсат масаласида мунтазам алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу масала тартибли мулоқот ўрнатишда жуда муҳим механизм бўлиб, бизнинг иқтисодий тармоқларимиз субъектларига, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ЕОИИ ҳудудида амал қиладиган стандартларни, техник, божхона ва фитосанитар қоидаларни янада чуқурроқ ўрганиб, савдо алоқаларини такомиллаштиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, ЕОИИ аъзо давлатлари бозорларида рақобатбардошлигимизни ошириш ва савдо-иқтисодий муносабатларимизни янада ривожлантириш мумкин бўлади.

Таъкидлаш керакки, ЕОИИдаги кузатувчилик мақоми бизнинг бошқа иқтисодий уюшмалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ташаббус билдириш ҳуқуқларимизни чекламайди ва бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатларимизга таъсир қилмайди. Аксинча, минтақавий иқтисодий интеграцион тузилмаларда иштирок этиб, биз иқтисодий салоҳиятимизни ва саноат тармоқлар тажрибасини самарали ҳамкорлик қилиш бўйича оширамиз.

— Сизнингча, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ инқироз қандайдир тарзда кузатувчи бўлиш қарорига таъсир қилдими?

— Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик жараёни масаласини ўрганиш жараёни пандемиядан анча олдин бошланган. Хусусан, муҳокама ва мунозаралар 2019 йил бошидан бери давом этмоқда ҳамда бу масала янги истиқболли бозорларни излаш, ишончли транспорт ва транзит йўналишларини яратиш, миллий иқтисодиётни модернизация қилиш учун инвестиция ҳамда технологияларни жалб қилишга қаратилган Ўзбекистоннинг янги ташқи иқтисодий стратегиясининг мантиқий давомидир.

Пандемия оқибатида юзага келган иқтисодий инқироз, бизнинг жаҳон иқтисодий муносабатларига интеграциялашувимиз тўғри йўл эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Пандемия жуда кўплаб давлатлар иқтисодиётининг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатди. Хусусан, таъминот занжирлари узилиб қолди, меҳнат бозори зарар кўрди, қатор корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди, транспорт ташувлари камайди.

Пандемия сабоқлари умумий саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ундайди. Ушбу вазиятда халқаро экспертлар минтақавий жараёнлар кучайиши ва минтақавий тузилмалар аҳамияти ошишини тахмин қилмоқда. Бундай инқирозли вазиятларда устунлик глобал савдо муносабатлари занжири узилиши муаммосини самаралироқ ҳал қиладиган, миллий иқтисодиётлар учун “елкадош” вазифасини ўтаб берувчи ихчам минтақавий бозорларга берилади.

Албатта, Ўзбекистон учун бундай ихчам минтақавий бозор сезиларли иқтисодий ўсиш салоҳиятига эга бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудуди бўлиши мумкин.

Шу ўринда ЕОИИ иқтисодий кўрсаткичларига эътибор берсак: 2019 йил якунларига кўра Иттифоқнинг ялпи ички маҳсулоти 1,9 триллион долларни ташкил этди, ЕОИИ билан эркин савдо битимлари ва ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган учинчи мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 29,6 триллион долларни (харид қобилияти паритети бўйича) ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 23,2 фоизини ташкил этади. Иттифоқнинг ташқи шериклари ялпи ички маҳсулоти ҳажми 43,9 триллион доллардан иборат (харид қобилияти паритети бўйича), бу ўз навбатида жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 34,3 фоизига тўғри келади.

Жаҳон миқёсидаги инқироз ва хорижий давлатларнинг чегаралари ёпилиши ортидан келиб чиққан ҳозирги иқтисодий реалликни ҳисобга олган ҳолда, кузатувчи мақоми мамлакатимизга ЕОИИ ҳудудига маҳсулотларимизни экспорт қилишни соддалаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа тармоқлар бўйича экспорт имкониятларини ошириш имконини беради.

Умуман олганда, пандемия шароитида ЕОИИ бошқа минтақавий интеграциявий тузилмалар сингари инқирозга нисбатан тайёрлиги ва чидамлилиги бўйича ўзига хос синовни бошидан кечирмоқда. Бу, ўз навбатида, ЕОИИ фаолиятида эътибор берилиши лозим бўлган бир қатор муҳим масалаларни юзага чиқарди. Албатта, бу ва бошқа омиллар ҳам ЕОИИ келажакда қандай ривожланиши ва такомиллашувини янада яхшироқ англаш учун инобатга олинди. Шу сабабли ушбу босқичда Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомида иштирок этиши тўғри қарор ҳисобланади.

— Сизнингча Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомида иштирок этиши минтақавий ҳамкорлик истиқболларига қандай таъсир қилади?

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёни тинчлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон минтақавий ва халқаро тузилмалар билан муносабатларни ривожлантиришда интеграцион тузилмаларда иштирок этиши минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам бериши керак деган тамойилдан келиб чиқади.

Бугунги кунда пандемия туфайли Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари инфляция ва ишсизлик даражасининг ошиши, ялпи ички маҳсулот ўсишининг пасайиши ва озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш каби умумий муаммоларга дуч келмоқдалар. Ушбу салбий оқибатларни бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш талаб этилади, бу эса минтақавий ҳамкорликнинг муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатади. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биз фақатгина ҳамжиҳатликда ва якдиллликда самарали кураша оламиз.

Давлат раҳбарларининг ушбу қийин кунлардаги доимий мулоқоти ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлашнинг юқори даражада эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги икки ой ичида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан 13 марта телефон орқали суҳбатлар ўтказиб, унда пандемияга қарши самарали курашиш ҳамда унинг салбий оқибатларини камайтириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори экани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йил 29 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви якуний баёнотида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, давлатлар транспорт ва транзит имкониятларини кенгайтириш ва минтақанинг энергия салоҳиятини ошириш, замонавий халқаро логистика, савдо ва туризм марказларини ташкил қилиш, янги корхоналар қуриш, инновация технологияларини жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хоҳишлари борлигини ва бунга ўзларининг тайёрликларини билдиришди. Халқаро экспертларнинг эътироф этишича, Маслаҳат учрашувининг натижалари Марказий Осиё давлатларининг ўзаро бирлашуви орқага қайтмас жараён эканлигини тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштирокини кенгайтириш минтақавий ҳамкорликнинг стратегик мақсадларига жавоб беради ва Марказий Осиёнинг иқтисодиёт, транспорт ва энергетик соҳаларидаги салоҳиятини сезиларли равишда юксалишига ҳисса қўшади, ўз навбатида, бу келгусида минтақанинг турли рақобатларга бардошли, устун жиҳати бўлади.

“Халқ сўзи” газетаси №101-сон 14.05.2020

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар