Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир

Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир

Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. У ўз нутқининг бир қисмини қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашга бағишлади.

Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда.

Якунланаётган йилда Давлат бюджети илк бор кенг муҳокама этилиб, очиқлик ва ошкоралик руҳида қабул қилинди. Унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага ва қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилди.

Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ёки кўпчилигингиз хабардорсиз, кейинги пайтда жойларда дарахтларни оммавий равишда кесиш кучайиб кетган эди. Бу одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шунинг учун яқинда дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилинди. Бу ҳам жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига мисол бўла олади.

Буларнинг бари одамларимизнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.

Айни вақтда жамоатчилик назорати “бир томонлама восита”га айланиб қолмаслиги керак.

Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, қурилиш ва ободончиликка оид қарорлар, дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши шарт.

Яна бир масалага диққатингизни жалб қилмоқчиман.

Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак.

Судлар ва тергов идоралари бирон-бир иш юзасидан чиқарилган қарор бўйича фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериши зарур.

Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Шунинг учун Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси келгуси йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиши ва ташаббус кўрсатиши лозим.

Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар