Марказий банк: Банкларнинг муаммоли кредитлари улуши 2,9 фоизгача ўсди

Марказий банк: Банкларнинг муаммоли кредитлари улуши 2,9 фоизгача ўсди

Марказий банк маълумотларига асосланиб Gazeta.uz хабар беришича, 1 июль ҳолатида Ўзбекистондаги банкларнинг муаммоли кредитлари улуши берилган кредитлар умумий ҳажмининг 2,9% ини ташкил этди.

Маълумот учун, Муаммоли кредитлар муддатидан 90 кундан ортиқ вақт ўтган, қониқарсиз, шубҳали ва умидсиз деб таснифланган кредитларни ўз ичига олади.

2020 йил бошида муаммоли кредитлар ҳолати

Марказий банкнинг 2019 йилда банк тизимини ривожлантириш тўғрисидаги ҳисоботига кўра, йил бошида мамлакат банкларининг муаммоли кредитлари ҳажми умумий 3,2 трлн сўмни ташкил этди, шундан қониқарсиз — 43%, шубҳали — 19% ва ёмон — 38%.

Кредитларнинг умумий ҳажмидаги муаммоли кредитларнинг улуши кредит портфели сифатининг кўрсаткичи бўлиб, унинг ошиши келажакда жиддий йўқотишларга ва ликвидлик муаммоларига олиб келадиган асосий омил ҳисобланади, дейилади ҳисоботда. 1 январь ҳолатига кўра бу кўрсаткич 1,5% ни ташкил этди.

Банклардаги активлар сифатининг пасайиши — капитал пасайишининг умумий капиталга нисбати, банк капитали пасайишининг эҳтимолий ҳажмини кўрсатиб, бу кўрсаткич 2019 йилда 1,6% га пасайди ва 1 январь ҳолатига кўра 2,7% ни ташкил этди.

Апрель-июль ҳолатига кўра

Манба: Марказий банк.

1 апрель ҳолатида банк секторида муаммоли кредитлар улуши 1,5% дан 2,3% гача — 3,2 трлн дан 5 трлн сўмгача, 1 июль ҳолатига кўра — 2,9% гача (7 трлн сўм) ошди. Давлат улуши бўлган банклар орасида ушбу кўрсаткич биринчи ярим йилликда 3 фоизни (6,49 трлн сўм) ташкил этади.

Кредит портфелининг сифати апрель-июнь ойларида деярли барча банкларда ёмонлашди. Хусусан, давлат улуши бўлган банклар орасида: «Ўзсаноатқурилишбанк»да — 1% дан 4,8% гача, «Асака» — 3,8% дан 4,6% гача, «Ипотека-банк»да — 2,3% дан 3% гача, «Миллий банк» (Ўзмиллийбанк) — 2,3% дан 2,5% гача, «Ўзагроэкспортбанк» — 7,9% дан 8,5% гача.

Жорий даврда Ҳалқ банки, «Қишлоқ қурилиш банк», «Алоқабанк», «Туронбанк», «Микрокредитбанк» ва «Осиё альянс» банки ишламай қолган кредитлар улушини камайтиришга ва кредит портфелининг сифатини яхшилашга эришишди.

Бошқа банклар қаторида (давлат улушидан ташқари) муаммоли кредитларнинг ўсиши қуйидагича кузатилди: «Ҳамкорбанк» — 3,6% дан 4,8% гача, «Ипак Йўли банки» — 2,3% дан 4,1% гача, «Трастбанк» — дан 1,7% дан 1,9% гача ва бошқалар.

Вазиятни яхшилаш режалаштирилган

Июль ойи бошида Марказий банк томонидан ўтказилган стресс синовлари ёмон кредитлар улуши бир неча бараварга кўпайиши мумкинлигини кўрсатди ва бу банк тизими учун жиддий қийинчилик туғдирмоқда. 1 октябрдан кейин бир қатор корхоналар ўзларининг кредитларига хизмат қила олмайди.

Марказий банкнинг кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти директори Санжар Носиров июль ойи ўрталарида коронавирус пандемияси туфайли мамлакатда ишбилармонлик фаоллиги кескин пасайганлигини, корхоналар ва аҳоли карантин чекловлари туфайли банкларга қарзларини тўлашда қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлаган эди.

"Банк тизими аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитлари муддатини 25 трлн сўмга узайтирди. Кредитлар узайтирилгани, ликвидликнинг пасайишига қарамай, банклар ўз мажбуриятларини бажаришлари керак. Масалан, хорижий банклар олдидаги 3,5 трлн сўмлик мажбуриятлар бажарилди, иқтисодиётга 59 трлн сўм миқдорида кредитлар берилди ва бу банкларнинг молиявий ҳолатига таъсир этмайди", дея тушунтирди Санжар Носиров.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк банк тизими барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли — банкларнинг мижози бўлган тадбиркорлар фаолиятини қайта тиклаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, деган хулосага келди.

Умуман олганда, Санжар Носировнинг сўзларига кўра, карантин сабабли ўз ишини тўхтатган 18 мингдан ортиқ корхона банклардан қарздор бўлиб қолган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар