500 мингдан ортиқ тадбиркорлар ва 100 мингга яқин аҳолига 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади

500 мингдан ортиқ тадбиркорлар ва 100 мингга яқин аҳолига 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.

18 май куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

– Қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилдик. Энди иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари қуйи тизимда ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркор ва фуқарогача етиб боришини таъминлаши керак, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг 38 та тумани “қизил” зонада қолаётгани боис карантин қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар