UzAuto Motors Қозоғистонда ўз автомобилларини йиғишни бошлади

UzAuto Motors Қозоғистонда ўз автомобилларини йиғишни бошлади

28 март куни Қозоғистоннинг Кўстанай шаҳрида "Chevrolet" бренди остида UzAuto Motors автомобилларининг SKD йиғиш бошланди. Бу ҳақда "Ўзавтосаноат" матбуот хизмати хабар қилди.

General Motors компанияси UzAuto Motors билан биргаликда "Cobalt" (аввалги Ravon R4) оилавий седани, тижорий фойдаланиш учун "Damas" ҳамда "Labo" автомобиллари ҳамда премиум синфга мансуб "Malibu" автомобиллари янги моделларни ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди.

Янги моделларни ишлаб чиқариш аввалроқ Ravon "Nexia R3" автомобили ишлаб чиқарилган "СарыаркаАвтоПром" МЧШ (Масъулияти чекланган ширкати) қувватларида йўлга қўйилди. Барча маҳсулотлар General Motors компанияси томонидан белгиланган жаҳон стандартлари асосида ишлаб чиқарилади. Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда энг машҳур саналган Ravon "Nexia R3" автомобили ҳам эндиликда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилади. Ушбу йўналишдаги кейинги қадам Chevrolet моделлар қаторини янги истиқболли Tracker ва TrailBlazer ва бошқа автомобиллари билан тўлдирилади.

Конвейерни тантанали равишда Ўзбекистондан телекўприк орқали иштирок этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Аскар Узакпаевич Мамин ишга туширди.

Дастлабки босқичда ишлаб чиқариш ҳажми йилига 26 минг транспорт воситасини ташкил қилади, келгусида уни 100 минг дона автомобилга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек ишлаб чиқаришнинг дастлабки йили давомида 13 минг автомобилларни яқин ҳориж давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 2020 йилнинг 26 февраль куни Урганч шаҳрида чегаралараро ҳамкорлик Форуми доирасида Allur Group компаниялар гуруҳи ҳамда «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида ташкил этилган ҚК доирасида амалга оширилмоқда. Аввалроқ 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга ташриф чоғида «Сарыарка АвтоПром» МЧШ ишлаб чиқариш қувватларида автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган. Ушбу давр мобайнида ички ва экспорт бозорларига мўлжалланган қиймати 85 млн доллар бўлган 11 мингдан ортиқ енгил автомобиль ишлаб чиқарилган.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar