Туроператорлар сайёҳларни жалб қилгани учун давлат томонидан рағбатлантирилади

Туроператорлар сайёҳларни жалб қилгани учун давлат томонидан рағбатлантирилади

"Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагиларга белгиланадиган мезонлар асосида 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади:

  • туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида.

Шунингдек, туризм соҳасидаги "стартап" лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.

2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:

  • республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.

Шу билан бирга, жойлаштириш воситаларини (меҳмонхоналар, дам олиш уйлари ва б.) қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари субсидияланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар