Шерзод Шерматов: “Online-maktab” каналларимизда тест топширишга тайёргарлик ва онлайн-репетиторлик сабоқларини бошлаймиз

Шерзод Шерматов: “Online-maktab” каналларимизда тест топширишга тайёргарлик ва онлайн-репетиторлик сабоқларини бошлаймиз

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу йилги мактаб битирувчиларига мурожаат билан чиқди:

"Ҳурматли мактаб битирувчилари!

Сиз ҳаётингизда энг муҳим қадамларни бошлаш арафасидасиз. Шу вақтгача қадрдон мактабдаги устозларингиз ва дўстларингиз билан ўтказган кундалик турмуш тарзингиз ўрнига янги ҳаёт, ажойиб таассуротлар ва тажрибалар оламига сафарингиз бошланмоқда.

Ҳозирда кўпчилигингиз асосий вақтингизни олий таълим муассасаларига кириш учун тайёргарликка қаратмоқдасиз. Сизлар учун яқинда “Online-maktab” каналларимизда Давлат Тест Маркази билан ҳамкорликда тест топширишга тайёргарлик ва ўзига хос онлайн-репетиторлик сабоқларини бошлаймиз.

Орангизда ишга кириб ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, рўзғорга ўз ҳиссасини қўшиш ҳаракатида юрганлар ҳам талайгина. Улар қўшимча касб ўрганиш учун касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга ўқишга ҳам бориши мумкин.

Ёшларимизга қўшимча ёрдам сифатида ёзда “Online-maktab” каналларида инглиз тилини ўрганиш учун қизиқарли филмлар ва кўрсатувларни ҳамда онлайн платформалар орқали даромад топишни ўргатишга қаратилган видеодарсларни эфирга бериб бориш устида ишлаяпмиз.

Инсон муваффақиятининг кўпи билан 10 фоизи омадга ва ташқи омилларга, қолган 90 фоизи эса айнан ўзига боғлиқ эканлиги учун юқори мақсадлар қўйиб, ўз кучингизга ишониб тинмай ҳаракат қилишингиз зарур!

Энг асосийси, вақтингизни беҳуда ўтказманг! Вақт — ҳаётингиздаги энг қимматбаҳо ресурс ҳисобланади. Вақтингизни доим ўзингиз, оилангиз ва жамиятга фойда келтириш учун сарф қилинг ҳамда мамлакатимиз нуфузини оширишга ўз ҳиссангизни қўшинг!", – дея сўзи якунлаган Шерзод Шерматов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар