Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистоннинг бюджети қандай ўзгарди?

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистоннинг бюджети қандай ўзгарди?

2020 йил I чорак якунларига кўра Давлат бюджети даромадлари 28,5 трлн сўмни, харажатлари эса 27,7 трлн сўмни ташкил этиб, давлат бюджети профицити 0,8 трлн сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоизни ташкил этди.

Асосий кўрсаткичлар

Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2020 йил I чоракдаги даромадлари 28,5 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга кўпроқни ташкил этди. Бюджет даромадлари таркибида 2020 йил I чорагида солиқ тушумлари 23,8 трлн сўмни ташкил этди. Улар ўтган йилнинг I чораги билан солиштирганда 5,3 трлн сўмга кўпайган. Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро инспекция тўлиқ фаолият юрита бошлади ва 15,4 трлн сўм ёки солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 65 фоизи йиғилишини таъминлаб берди.

Умуман олганда, коронавирус пандемияси 2020 йил I чорагида бюджет даромадларининг тушумига катта таъсир кўрсатгани йўқ, сабаби даромадлар асосан 2019 йилнинг декабрь — 2020 йилнинг февраль ойларидаги иқтисодий фаолият натижаларидан шакллантирилди, дейилади Молия вазирлигининг шарҳида.

Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида 4,8 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларининг тушуми таъминланди, ўтган йилнинг худди шу даврида божхона тўловлари тушуми — 3,4 трлн сўм бўлган эди. Бу тушумлар орасида энг катта улушни қуйидагилар ташкил этди: импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи — 3,8 трлн сўм, акциз солиғи — 0,2 трлн сўм, божхона божи — 0,6 трлн сўм.

Солиқлар кесимида Давлат бюджети даромадларининг асосий улуши қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилди: ҚҚС — 7,2 трлн сўм (умумий тушумларнинг 25,4 фоизи), фойда солиғи — 6,3 трлн сўм (22,1 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 3,6 трлн сўм (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ — 3,9 трлн сўм (13,6 фоиз) ва акциз солиғи — 3,2 трлн сўм (11,1 фоиз).

Солиқлар тушуми

Қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий йил I чорагидаги тушумлар (7,2 трлн сўм) ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 0,5 трлн сўмга камайди. Тушумлар ҳажмининг камайишига солиқнинг 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши, шунингдек янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан 2020 йил 1 январдан янги қоидаларнинг кучга киритилиши омил бўлди.

Шу ўринда, солиқнинг ноль ставкасини қўллайдиган корхоналарга ҚҚСни қоплаш амалга оширилмоқда. Бунда жорий йилнинг I чорагидаги қоплаш суммаси 1 трлн сўмдан кўпни ташкил этди.

Шу билан бирга, автомобиль саноати корхоналарига берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳисобига жорий йилнинг I чорагида бюджетга қўшимча тушумлар 350 млрд сўмни, шу жумладан импорт чоғида — 150 млрд сўмни ташкил этди.

Фойда солиғи бўйича тушумлар ҳисобот даврида тахминан 6,3 трлн сўмни ташкил этди, бу 2019 йилнинг шу давридагига нисбатан 3,9 трлн. сўмга кўпдир. Тушумларнинг ўсиши умумий иқтисодий ўсиш (чоракдан чоракка) билан бир вақтда олтин қазиб олиш саноати корхоналарининг қарийб 3 трлн. сўмлик фойда солиғи бўйича тушумлари ҳисобига таъминланди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган мазкур солиқдан жорий йилнинг I чорагида қарийб 3,6 трлн сўм келиб тушди, ўтган йилнинг худди шу даврида 2,7 трлн сўм бўлган эди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг базавий ставкаси 12 фоиз бўлиб ўзгаришсиз қолди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорлари (илгари қатъий белгиланган солиқ) уларга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқини бериш билан 2020 йилдан 25 фоизга пасайтирилди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар таркибида иш берувчилар (солиқ агентлари) томонидан базавий ставкада ушлаб қолинадиган солиқлар 93 фоизни ташкил қилади. Тушумларнинг ялпи ҳажмида дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ундириладиган солиқ улуши 2 фоизни, якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган солиқ улуши 3 фоизни ташкил этади.

Манба: Молия вазирлиги

Солиқ солишнинг ясси ставкасининг жорий этилиши, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар учун ижтимоий солиқнинг 25 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши, шунингдек энг кам иш ҳақининг оширилиши легал сектордаги меҳнатга ҳақ тўлаш фондини 37 фоизга оширишга туртки бўлди. Қабул қилинган чоралардан хўжалик юритувчи субъектлар ҳам ютишди. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар учун биргина ижтимоий солиқнинг 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши улар ихтиёрида 1 трлн сўм атрофида маблағ қолишини таъминлади.

Акциз солиғи бўйича ялпи тушумлар жорий йилнинг I чорагида тахминан 3,2 трлн сўмни, шу жумладан якуний истеъмолчига реализация қилинадиган нефть маҳсулотлари бўйича — 543,5 млрд сўмни, тамаки маҳсулотлари бўйича — 395,8 млрд сўмни, алкоголли маҳсулотлар бўйича — 335,4 млрд. сўмни, мобиль алоқа хизматлари бўйича — 334,9 млрд сўмни, полиэтилен гранулалар бўйича — 56,9 млрд сўмни ташкил этди.

Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи. Ер участкалари, мол-мулк ва сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида 2020 йилдан бозорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, шунингдек гастроль-концерт фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар қуйидагиларни тўлашга ўтказилди.

Манба: Молия вазирлиги

Жорий йилнинг I чорагида юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 2019 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 162,1 млрд сўмга камайган. Бу 2019 йил бошида мол-мулк солиғи 2018 йил учун ҳисоб-китобларга биноан 5 фоиз ставкада тушганлиги билан боғлиқдир.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар 2020 йилнинг I чорагида ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 564,5 млрд сўмга ошиб, 3,9 трлн сўмни ташкил этди. Ўсиш қуйидаги омиллар билан боғлиқ бўлди:

  • қимматбаҳо металлар бозорида олтиннинг нархи жорий йилнинг I чорагида 2019 йилнинг I чорагига нисбатан 120 фоизга ўсиши;
  • қатъий белгиланган суммада белгиланган солиқ ставкаларининг 15 фоизга индексация қилиниши (хусусан, тош туз (овқатга ишлатиладиган), оҳактош доломитлар, мармар ушоғи, ғишт-черепица хом ашёси, қурилиш қумлари ва бошқалар);
  • фойдали қазилмаларнинг алоҳида турлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ белгиланган солиқ ставкаларидан, лекин қатъий белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланиши ва тўланиши ўрнатилганлиги (хусусан, табиий безактошдан блоклар, тош-шағал аралашмаси, оҳактош-чиғанлиқлар ва бошқалар). Кейинги иккита омил бўйича қўшимча тушумлар қарийб 40 млрд сўмни ташкил этди.

Давлат бюджетининг харажатлари ижроси

Давлат бюджетининг 2020 йил I чоракдаги харажатлари 27,661 трлн сўмни ёки жами йиллик тасдиқланган харажатларнинг 21,1 фоизини ташкил этди. Шундан, республика бюджети харажатлари 18,153 трлн сўмни ташкил этган бўлса, маҳаллий бюджетлар орқали 9,508 трлн сўмлик харажатлар молиялаштирилган.

Манба: Молия вазирлиги

Ижтимоий соҳа харажатлари

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 15,550 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 56,6 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши 18,5 фоизни ташкил этди.

Манба: Молия вазирлиги

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 7,961 трлн сўм маблағ ажратилди. Шундан мактабгача таълим муассасаларини сақлаш харажатлари учун Давлат бюджетидан 1,426 трлн сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 450,5 млрд сўм ёки қарийб 1,5 бараварга кўп), жумладан озиқ-овқат сотиб олиш харажатларига 162,6 млрд сўм (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,6 млрд сўмга ёки 1,5 бараварга кўп) маблағлар ажратилган.

Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасаларига амалга оширган харажатларини қисман қоплаш учун 134,5 млрд сўмлик субсидиялар (2019 йил 1 чорагида 6,9 млрд сўм) ажратилган.

Манба: Молия вазирлиги

Илм-фанни ривожлантиришга ҳисобот даврида 150,0 млрд сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 1 фоизи миқдорида маблағ ажратилди (2019 йил I чорагида — 0,3 фоиз).

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 3,883 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1084,4 млрд сўмга (1,4 бараварга) кўп маблағлар ажратилган. Ажратилган маблағнинг жами Давлат бюджети харажатларидаги улуши 14 фоизни (2019 йилда — 11,6 фоиз) ташкил этди. Жумладан, дори-дармонлар харид қилиш харажатларига 252,2 млрд сўм (2019 йилда — 189,9 млрд сўм) ажратилган.

Бундан ташқари жорий йилнинг I чорагида, соғлиқни сақлаш соҳасига ташкил этилган “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 343,6 млрд сўм маблағ ажратилганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли, дейилади шарҳда.

Ушбу маблағлар қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилди:

  • Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига санитария-эпидемиология осойишталик марказларига карантинда сақланаётган фуқароларни сақлаш, жамоат жойларини дезинфекция қилиш ва эпидемик ҳолати билан курашиш бўйича бошқа тадбирларга 82,7 млрд сўм;
  • Санитария — эпидемиология осойишталик агентлигига шахсий ҳимоя, дезинфекция, изоляция воситалари, тест (ПЦР) диагностикумлари, тиббий техника воситаларини харид қилиш учун 123,5 млрд сўм;
  • Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси ва Зангиота туманида махсус шифохона қурилиши ҳамда Тошкент шаҳрида замонавий диагностика лабораторияси комплексини реконструкция қилиш учун 107,4 млрд сўм;
  • Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси кенгашига кам таъминланган хотин-қизларни қўллаб қувватлаш учун 30 млрд сўм.

Маданият ва спорт соҳасига Давлат бюджетидан 2020 йилнинг I чорагида йўналтирилган маблағлар миқдори 541 млрд сўмни ташкил этиб, ушбу харажатларнинг 249,2 млрд сўми маданият соҳаси, 291,8 млрд сўми спорт соҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маданият ва спорт соҳасига йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58,6 фоизга ўсган. Буни қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин: Ўзбекистон президентининг қарорига асосан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди. Шунингдек, Миллий кутубхонанинг 2020 йил штатлар жадвалида 92 та қўшимча штат бирликлари ажратилди. Бу эса ўз навбатида, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан харажатларни 18,2 млрд сўмга оширган.

Шунингдек, миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида бадиий фильм, ҳужжатли фильм ва мультипликацион фильмни суратга олиш, шунингдек, қисқа метражли ва болалар юмористик фильмларини суратга олиш харажатларига жорий йилнинг I чорагида 19,3 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,9 млрд сўмга кўпдир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ходимларининг гонорар тўловлари, радио алоқа, радио эшиттириш ва телевидения маркази хизмати (ЦРРТ) ҳамда бошқа амалга оширилган харажатлар ҳисобига ўтган йилги рақамларга нисбатан харажатлар 24 млрд сўмга ошган.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарорига асосан спорт мактаблари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари айрим ходимларининг базавий тариф ставкалари 2020 йил 1 январдан ўртача 1,35 бараварга оширилган бўлиб, натижада спорт мактабларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари бўйича харажатлар 2019 йилнинг I чорагига нисбатан 58,3 млрд сўмга ошганлиги сабаб бўлган.

Ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга Давлат бюджетидан ҳисобот даврида 1,668 трлн сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврида ажратилган маблағга нисбатан 293,6 млрд сўм кўпроқ маблағ ажратилди, ўсиш 21,4 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиётга амалга оширилган харажатлар жорий йилнинг I чорагида 3,158 трлн сўмни ташкил қилиб, ушбу харажатлар жами Давлат бюджетининг I чорак харажатларининг 11,4 фоизини ташкил этди. Иқтисодиёт харажатлари асосан қуйидаги йўналишларга амалга оширилди:

  • сув хўжалиги эксплуатацияси харажатлари — 926,6 млрд сўм;
  • умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларни ривожлантириш харажатларига — 603,2 млрд сўм;
  • аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш харажатлари — 438,1 млрд сўм;
  • ичимлик суви ва канализация тизимларини ривожлантириш харажатларига — 180,2 млрд сўм;
  • уй-жой коммунал ишларига — 166,1 млрд сўм;
  • суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш харажатларига — 82,1 млрд сўм;
  • Оролбўйи минтақасини ривожлантириш харажатларига — 47,7 млрд сўм.

Давлат ҳокимияти, бошқарув, адлия, прокуратура ва суд органлари таъминотига ҳисобот даврида 1,781 трлн сўм ёки жами Давлат бюджети харажатларининг 6,4 фоизи йўналтирилди.

Давлат бюджети ижросининг иқтисодий тасниф бўйича ижросини таҳлили иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг жами харажатларнинг улуши ўтган йилнинг 1 чорагидаги 35,2 фоиздан ҳисобот даврида 39 фоизга етганлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг I чораги давомида бюджет ташкилотларининг қарийб 10,8 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 2,3 трлн сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.

Шунингдек, ҳисобот даврида 1,6 трлн сўмлик капитал қўйилмалар ва 12,8 трлн сўмлик бошқа харажатлар молиялаштирилди.

Манба: Молия вазирлиги

Жорий йилнинг I чорагида субсидиялар миқдорининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Пенсия жамғармасига 655 млрд сўм миқдорида трансферт ажратилиши сабаб бўлган.

Манба: Молия вазирлиги

Маҳаллий бюджетлар ижроси

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 113,2 фоизга бажарилди ёки 6,263 трлн сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 89,8 фоизга ижро этилиб, 9,508 трлн сўмни ташкил этди. 2020 йилнинг I чораги давомида маҳаллий бюджетларда қуйидагилар ҳисобидан 1 781,3 млрд. сўмлик қўшимча харажат манбалари ҳосил бўлган:

  • 2020 йил 1 январь ҳолатига шакилланган эркин қолдиқ маблағлари 1 755,3 млрд сўм; — давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушган тушумлар (мусодара) 11,8 млрд сўм;
  • давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобидан тегишли бюджетга тушган пул маблағлари миқдори 7,4 млрд сўм;
  • ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари 6,8 млрд сўмни ташкил этиб, мазкур даромадлар маҳаллий ҳокимият органларининг мустақил тасарруф этадиган қўшимча маблағлари сифатида шаклланди.

Шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг тегишли қарор (фармойиш) лари билан турли тадбирларни молиялаштириш учун 1,368 трлн сўмлик маблағлар йўналтирилди.

Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг эркин қолдиқ, мусодара, хусусийлаштириш ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларга маблағ ажратилди:

  • “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг 2019 йил ижросидаги қарздорликлари учун — 193,0 млрд сўм;
  • ҳудуд ижтимоий иқтисодий ривожлантириш Дастурларига — 523,3 млрд сўм;
  • ҳудудларни ободонлаштириш харажатларига- 101,8 млрд сўм
  • ҳарбий-маъмурий сектор жамғармасига- 64,6 млрд сўм
  • Бюджет ташкилотларининг хўжалик харажатлари ва моддий базасини мустаҳкамлаш учун -114,5 млрд сўм йўналтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги 445-сонли қарори билан молия ва солиқ идоралари ўзаро ҳамкорлик қилиши белгилаб қўйилган. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида молия ва солиқ идоралари ҳамкорлигида ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида 2020 йил 1 апрель ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига жами 125,9 млрд сўмлик қўшимча даромадлар жалб қилинди. Жумладан:

  • жисмоний шахсларга тегишли бўлган 40 446 та турар ва нотурар-жой объектлари хатловдан ўтказиш натижасида 9,9 млрд сўм;
  • 44,544 та жисмоний шахсларнинг ер майдонларини хатловдан ўтказиш натижасида 12,9 млрд сўм;
  • давлат рўйхатдан ўтмасдан якка тартибда фаолият кўрсатиш бўйича 22 457 та ҳолат аниқланиб, 40,8 млрд сўм;
  • умумий овқатланиш корхоналарида ўрганишлар ўтказилиши натижасида 1 235 та ҳолатда ишчи ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномалари
  • бошқа фаолиятлар бўйича ташкил қилинган мониторинг, хатлов ва ўрганиш давомида жами 15 250 та ҳолатда 53,1 млрд сўм бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга қўшимча даромадлар захиралари аниқланган.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар