Жорий ҳафтада кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари бироз кўтарилди

Жорий ҳафтада кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари бироз кўтарилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 11 август ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.

Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).

Натижада қуйидагилар аниқланди:

2020 йил 11 август ҳолатига озиқ-овқат нархлари индекси республикада ўтган ҳафтага нисбатан +0.31% ташкил этди.

Маълумот учун: республикада қовуннинг ўртача нархи (1 кг) ўтган ҳафтага нисбатан -6,83% га пасайиб, 2428 сўмни ташкил этди. Тарвуз ва қовоқнинг нархи 3% дан кўпроқга ошди ва республикада ушбу маҳсулотларнинг ўртача нархи мос равишда 1376 сўм ва 2662 сўмни ташкил этди. Помидорнинг ўртача нархи (1 кг) 3028 сўм (-2,87%). Нокнинг нархи -1,47 % га пасайиб, 1 кг учун 13 836 сўмни ташкил этди. Мош (-0,36%) ва буғдой уни (-0,14%) нархларида бир оз пасайиш кузатилди ва уларнинг ўртача нархи (1 кг) мос равишда 11884 сўм ва 4400 сўмни ташкил этди.

Ушбу ҳафтада кўплаб маҳсулотлар нархларининг кўтарилгани сезилди. Хусусан, бодрингнинг ўртача нархи (1 кг) 2727 сўм (+ 6,83%), сабзи (2501 сўм), пиёз (1824 сўм), балиқ (23 317 сўм) ва қўй гўштининг (55,4 минг сўм) ўртача нархларида 1% атрофида ўсиш кузатилди. Макарон ва шакарнинг нархи (1 кг) олдинги ҳафтага нисбатан деярли ўзгармади.

1-жадвал. 11 август ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши ёки пасайиши, (%)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари

Ҳудудлар бўйича озиқ-овқат нархлари индексининг пасайиши Наманган (-0,38%) Тошкент (-0.26%) ва Фарғона (-0.12%) вилоятларида кузатилди.

Андижон вилоятида озиқ-овқат нархлари индекси деярли ўзгаришсиз қолди, бу эса ўтган ҳафтага нисбатан озиқ-овқат нархларининг барқарорлигидан далолат беради.

Навоий вилоятида индекснинг ўсиши кузатилди ва +1,97% ни ташкил этди. Бухоро ва Хоразм вилоятларида индекснинг ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши қайд этилди, ва мос равишда 1,22% ва 1,12% ни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг қарорига биноан, август ойининг биринчи ҳафтасида кам таъминланган оилаларга 148 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Август ойи охирига қадар 1,7 миллион киши ва 50 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари учун 780 миллиард сўм тўланади. Шунингдек, жорий йил охирига қадар 1,7 миллион кам таъминланган фуқаролар, 3,7 миллион нафақахўрлар ва қўшимча 500 минг ижтимоий нафақахўрлар учун бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилади. Аҳоли қатламларига кўрсатилган моддий ёрдам озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни рағбатлантиради, бу эса ўз навбатида нархларнинг ошишига ва натижада озиқ-овқат нархлари индексининг ўсишига олиб келади.

Истеъмол саватчаси нархлари индексининг динамикаси шуни кўрсатадики, август ойининг биринчи ҳафтасида аҳолига моддий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, 11 августдан бошлаб кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кучайиб озиқ-овқат нархларининг ўсиш индекси 4 августдаги -0,21% дан 11 августда + 0,31% ошишига олиб келди (1-расм).

1-расм. Истеъмол саватидан озиқ-овқат нархлари индексининг динамикаси

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари

Малика Жуманиёзова

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар