Жаҳон иқтисодиётидаги глобаллашув жараёни валюталар ва товарлар ҳаракати кўламининг кенгайишида муҳим ўрин тутади

Жаҳон иқтисодиётидаги глобаллашув жараёни валюталар ва товарлар ҳаракати кўламининг кенгайишида муҳим ўрин тутади

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “... нима учун бизга иқтисодий интеграция керак! Бизнинг ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиянинг транзит йўлаклари орқали ўтади. Шунингдек, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, айрим товарлар бўйича эса 80 фоизи Россия, Қоғоғистон, Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. Ана шу омилларни инобатга олиб ҳамда Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун борган фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистонннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак”, деб таъкидлаб ўтган эдилар.

Дарҳақиқат, глобаллашувнинг зарурати мамлакатимиз ташқи савдодасида ҳамкор давлатларнинг аҳамияти ва интеграциянинг заруратини ўзида акс эттирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатларини мустаҳкамлаш, савдо муносабатларнини эркинлаштириш блан бирга капитал ва ишчи кучи харакатини соддалаштирилишида интеграцион жараёнларнинг роли ўзининг долзарблигини кўрсатмоқда.

Сўнгги вақтларда Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ), ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳақида, унга мамлакатимизни қўшилиш қўшилмаслик масалалари, умуман олганда халқаро иқтисодий интеграцияларнинг фойда ва зарарлари хусусида турлича қарашлар пайдо бўлди. Таъкидлаш лозимки, жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган глобаллашув ва сўнгги кузатувлар асосида шундай хулосага келиш мумкинки, халқаро савдо, молия, капитал ва кредитлар ҳамда ахборот оқими, шунингдек, интеграциялашган бозорларнинг кенгайиши ва тобора чуқурлаши юз бермоқда.

Иқтисодий глобаллашув – бу тарихий жараён бўлиб, инсон кашфиётлари ва технологик тараққиётнинг натижасидир. У жаҳон иқтисодиётида интеграциялашув жараёнларининг жадаллик билан ўсиб боришини (хусусан, савдо ва капитал оқимлари орқали) англатади. Бу тушунча баъзан инсонлар (ишчи кучи) ва илм-фаннинг (технология) халқаро ҳудудлар бўйлаб ҳаракатини ифодалашда ҳам ишлатилади. Бундан ташқари, глобаллашув тушунчаси кенг маданий, сиёсий ва иқтисодий ҳолат билан боғлиқ ўлчовларни ҳам қамраб олади. Бу тушунчанинг ишлатилиши XX асрнинг 80- йилларида оммавий тус олган бўлиб, у ўзида халқаро ўтказмаларни амалга оширишни соддалаштирувчи ва тезлаштирувчи технологик имкониятларни акс эттирган. У инсон иқтисодий фаолиятининг турли даражаларида асрлар давомида амал қилиб келган ўша бозор кучларининг[1] миллий чегараларни эътиборга олмай узлуксиз кенгайишини англатади.

Бозорлар рақобат ва ишчи кучининг ихтисослашуви орқали самарадорликни рағбатлантиради, яъни инсоният имкон қадар самарадорликка интилади. Глобал бозорлар инсониятга жаҳон бўйлаб кўпроқ ва каттароқ бозорлардан фойдаланиш борасида кенгроқ имкониятларни тақдим этади. Бу шуни англатадики, улар янада кўпроқ капитал оқими, технология, арзон импорт ва йирик экспорт бозорларига кириш имкониятига эга бўладилар. Лекин бозорлар самарадорликнинг ошишидан кўриладиган манфаатларни барча учун тенг тақсимланишини кафолатлай олмайди.

Глобаллашув кечагина содир бўлган воқелик эмас. Баъзи таҳлилчилар жаҳон иқтисодиёти 100 йиллар олдин ҳам бугунги кундагидек глобаллашганлигини эътироф этадилар. XIX аср охирларига келиб, миллий даромад таркибидаги ташқи савдо оқимининг улуши деярли бугунги кундагидек эди, зеро, капитал, трансферлар нисбатан йирикроқ, инсонларнинг кўчиб ўтиши даражаси иммиграцияга тўсиқларнинг мавжудлигига қарамай бугунги кунга нисбатан юқорироқ бўлган. Лекин шуни тан олишимиз керакки, бугунги кунда тижорат ва молиявий хизматлар аввалги даврдагига нисбатан анча тараққий этган ва чуқур интеграциялашган.

Жаҳон иқтисодиётидаги глобаллашув жараёни ҳозирги босқичининг асосий фарқли хусусияти замонавий электрон коммуникациялари туфайли молия бозорларининг янада интеграциялашганлигидир. Глобаллашув XX асрнинг охирги ўн йиллигида ҳукмрон кучга айланди ва ўзига хос янги хусусиятлар касб этди:

- янги бозорлар (яъни замонавий воситалар билан тинимсиз ишловчи ўзаро боғланган молия бозорлари, глобал истеъмол моллари бозорлари, электрон-тижорат ва ш.к.);

- янги ўйинчилар (яъни мултимиллий корпорациялар, Жаҳон савдо ташкилоти, ҳудудий блоклар);

- янги қоидалар (яъни савдодаги кўп томонлама келишувлар, инсон ҳуқуқлари ва глобал муҳит бўйича конвенциялар);

- янги алоқа воситалари (яъни, телефон, факс, электрон почта).

Бундан ташқари, глобаллашув товарлар ва капиталларнинг ҳаракатидаги объектив ва субъектив тўсиқларнинг олиб ташланиши натижасида давлатлараро алоқаларнинг ривожланиб боришини англатади.

Объектив тўсиқларнинг бекор қилиниши денгиз, ҳаво транспорти ва алоқа харажатларидаги пасайиш тенденцияларида ўз ифодасини топди. Денгиз ва бандаргоҳ харажатлари 1920 ва 1990 йиллар орасида тахминан 60 фоизга қисқарди.(1) Ҳаво транспорти харажатларида янада кескинроқ камайиш кузатилди ва саёҳат вақти ҳам сезиларли даражада қисқарди.

Субъектив, яъни инсониятнинг ўзи ўйлаб топган тўсиқлар (квота ва тарифлар)га ҳам аста-секин барҳам берилмоқда. 1947 йилларда товарлар импортига тарифлар ўртача 47 фоизни ташкил этган бўлса, 1980 йилларга келиб улар 6 фоизга тушиб қолди.(2)

Айни пайтда, капитал оқими устидан назорат қилишга барҳам берилмоқда, хусусан, Бреттон Вудс қатъий валюта курси тизимига 1971 йилларда нуқта қўйилгач, етакчи валюталар эркин сузиш режимига ўтди, Япония, Дания, Испания каби етакчи давлатларда капиталларнинг ҳаракати бўйича мавжуд чекловлар тўлиқ бекор қилинди.

Умуман олганда, глобаллашув хусусий секторлар ва ҳукуматларни халқаро рақобатга чорловчи глобал иқтисодий интеграциялашувни технологик ва сиёсий жиҳатдан ҳаракатлантирувчи жараён ҳисобланади.

Бу ерда рақобатнинг турли даражаларини ёки соҳаларини фарқлаш лозим:

- хусусий секторда (микроиқтисодий даражада), глобал иқтисодий интеграция нафақат молиявий, балки товарлар ва меҳнат бозорида ҳам ўз самарасини беради, яъни сотувчи нархларининг (таннарх ва бозор баҳоси ўртасидаги фарқ) пасайишига ҳамда иш ҳақини ортиқча тўлаш оқибатида вужудга келадиган харажатларнинг қисқаришига олиб келади;

- давлат секторида (макроиқтисодий даражада) глобал иқтисодий интеграция янги давлатларнинг (рақобатчилар) глобал бозор иштирокчисига айланиши туфайли жаҳон бозоридаги рақобат кескинлашади.

Шундай қилиб, глобаллашув мамлакатларни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, хусусан, солиқларни камайтириш, давлат қарзини қисқартириш ва инфляцияни жиловлаш орқали халқаро рақобатбардошликни рағбатлантиришга ундайди.

Хулоса қилиб айтганда, жаҳон иқтисодиётидаги глобаллашув жараёни объектив тарихий жараён бўлиб, ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эгадир. Унинг ижобий жиҳатларидан халқаро молия бозорлари ва валюта муносабатларини тартибга солиш жараёнида оқилона фойдаланиш капиталлар, валюталар ва товарлар ҳаракати кўламининг кенгайишига муҳим замин яратади.

Нодир Жумаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Дилшоджон Рахмонов,

Банк-молия академияси кафедра мудири,

иқтисод фанлари доктори, профессор

[1] Бозор кучи деганда талаб-таклиф, пул муомаласи қонуни, рақобат, қиймат қонуни, баҳо механизми каби категориялар назарда тутилган. Изоҳ муаллифларники.

(1) Интернет маълумотлари (www.worldbank.org)

(2) Интернет маълумотлари (www.capwig.org )

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар