Ҳудудларга ташрифлар – ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқаришнинг самарали усули

Ҳудудларга ташрифлар –  ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқаришнинг самарали усули

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Президенти лавозимига келгандан кейин янги раҳбарнинг вилоятларга сафарлари тез-тез юз бера бошлади. Давлат бошлиғининг ҳар бир вилоятга бир йилда бир неча марта-дан бориши, ҳар ҳудудда камида 2 кундан бўлиши, у кишининг баъзан вилоят ҳамда туман раҳбарларининг ҳали назари тушмаган энг чекка қишлоқ-ларга етиб бориши, халқ билан очиқ мулоқот қилиши, муаммоларни жойида ўрганиши ва энг муҳими, масалаларни ўша пайтнинг ўзида ўша жойда ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши мамлакатни бошқариш борасида жаҳон давлатлари учун ўзига хос кашфиёт бўлди.

Тўғри, шу кунга қадар ҳам жаҳон давлатлари раҳбарларининг ҳудудларга чиқиши ва муаммоларни жойида ҳал этиш амалиёти бор эди. Лекин бу тадбир давлат раҳбарининг йил давомида амалга оширадиган режадаги доимий иши эмас, балки фавқулодда ҳолатлар пайтида юз берар эди. Яъни қайсидир ҳудудни сув босса, ер қимирласа ва шунга ўхшаш табиий офат ёки фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда мамлакат раҳбарининг у ерга зудлик билан етиб бориши ва салбий ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш тажрибаси мавжуд эди.

Ўзбекистон Президенти эса давлатни бошқариш амалиётига янгилик олиб кирди. Яъни у давлат ижтимоий – иқтисодий ривожланишини ташкил этиш ва бошқариш жараёнида бугун жаҳонда янги ҳодиса сифатида эътироф этилаётган усулни кашф этди. Мазкур янги усулнинг моҳияти шундаки, давлат раҳбари белгиланган жадвал бўйича вилоятларга ташриф буюради. Бу ташрифлар айрим давлатларда айни пайтда юз бераётган ёки бир пайтлар ўзимизда бўлгандай бир вилоятга шунчаки эрталаб бориб, номига 2-3 та объектни кўриб, куннинг икккинчи ярмида пойтахтга қайтиб келиш эмас.

Мазкур сафарлардан асосий мақсад муайян бир вилоятнинг ижтимоий–иқтисодий жараёнларини бошқариш бўйича тегишли фармону-қарорларни Тошкентда, салқин кабинетларда ўтириб тайёрлаш эмас, балки муаммоларни бевосита жойида аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар-ни ҳудудлар вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқиш ҳисобланади. Бу усулнинг бошқа усуллардан устунликлари ва афзалликлари жуда кўп. Чунки вазирлик ёки ташкилот раҳбари ҳар қанча салоҳиятли ва ҳатто, Оксфорд университетида дунёнинг энг зўр профессорларидан таълим олиб келган бўлмасин, у кабинетида ўтириб, вилоятларнинг муаммоларини тўғри аниқлай олиши, ич-ичидан тушуниши, ҳис қилиши қийин. Шу боис ташрифдан бир неча кун олдин вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари вилоятларга йўл олишади, тармоқлари ва соҳалари объектларини ўз кўзлари билан кўришади, муаммоларини аниқлашади ва тегишли мутахассислар ва ҳудудлар вакилла-ри билан биргаликда вазиятни ўнглаш бўйича зарур чора – тадбирларни ишлаб чиқишади.

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари жойларга борганда Тошкентда кабинетда ўтириб кўриш мумкин бўлмаган жуда кўп муаммоларни ташрифларга тайёргарлик вақтида вилоятларга чиқишгандагина кўра олишаётганликларини, ечимини кутаётган муаммоларни аниқлаётганликларини эътироф этишмоқда. Улар яна тан олишмоқдаки, айрим муаммоларни наинки аниқлашяпти, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда жойида дарҳол ҳал этишмоқда.

Фикрларим янада тушунарли ва ташрифлар пайтида қанчалик катта муаммолар ҳал бўлаётганлигини яққол ҳис қилиш учун биттагина ташриф мобайнида қандай масалалар ҳал этилганлигини қисқача баён этсам мақсадга мувофиқ бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги ташрифи режага мувофиқ 26 – 27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташкил этилди. Икки кун мобайнида у киши вилоятнинг у бошидан бу бошигача кезиб чиқди. Кўплаб ижтимоий - иқтисодий объектларда бўлди. Муҳтарам Президентимиз вазирлик, идора, вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Раҳбаримиз халқнинг дардини эшитди, одамлар билан маслаҳатлашди. Ва ана шу тадбирлардан кейингина катта йиғилиш қилиб, унда Наманган вилоятида мавжуд муаммоларни барта-раф этиш ва уни янада ривожлантириш бўйича зарур чора ва тадбирлар белгиланди. Қуйида ташриф чоғида қабул қилинган тадбирларнинг айримла-рига эътиборингизни қаратаман.

Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам ишсизлик даражаси бирмунча кучайди. Ана шу ҳолатни бартараф этиш бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди. Шу боис ташриф мобайнида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари вилоят ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда Наманганда оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, жамоат ишлари ва ўзини ўзи банд қилиш орқали камбағал оилаларнинг 12 минг 550 нафар ишсиз аъзоларини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқишди.

Вилоят иқтисодий тараққиётини янада тезлаштириш, иқтисодиётга инновацион ва рақамли технологияларни жорий этиш ва аҳоли учун муно-сиб янги иш ўринлари яратиш жараёнида кичик саноат зоналарининг аҳами-яти катта. Шу боис вилоятда янгидан 9 та кичик саноат зонаси барпо этишга қарор қилинди. Уларни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан тўлиқ таъминлаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 23,3 млрд. сўм маблағ ажратишга қарор қилинди.

Ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Юксалиш” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 117 гектар майдонни эгаллаган мазкур саноат мажмуасида 1 триллион 208 миллиард сўмлик 95 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Юртбошимиз мазкур кичик саноат зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди, шу жойнинг ўзида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан биргаликда вилоят саноатини янада ривожлантириш режаларини кўриб чиқди.

Тараққиёт ва тикланиш жамғармасидан ажратиладиган 80 млрд. сўм маблағлар ҳисобига хизматлар соҳаси билан шуғулланиш истагини билдирган тадбиркорлар лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тузиш лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, ҳар бир туман, шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади.

Бугунги пандемия хуруж қилган оғир шароитда ўзини ўзи банд қилганларни кўпайтириш ва уларни касбга тайёрлаш ва қўллаб – қувватлашга жуда катта эътибор берилмоқда. Ташриф давомида ўзини ўзи банд қиладиган аҳоли сонини қўшимча равишда 30 мингтага ошириш чоралари ишлаб чиқилди.

Бунинг учун Наманган шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази қурилиб, уни 2021 йил 1 январгача ишга тушириш таъминланиши белгиланди. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буюртмасига асосан Инқирозга қарши жамғармадан зарур миқдорда маблағ ажратилади.

Янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш суръатларини оширишда қишлоқ хўжалигининг ҳали ишлатилмай ётган имкониятлари катта. Шу боис қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасининг баъзи турларида кооперативлар ташкил этиш ва иссиқхоналар қуриш ишларини амалга ошириш учун 16,0 млрд. сўм, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини кенгайтириш учун 15,0 млрд. сўм маблағ ажратиш чоралари белгиланди.

Аниқ мисолларга мурожаат қилайлик. 26 июнь куни Президентимиз Поп туманидаги 1 минг 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда ташкил этилган “Нуран уз” мева-сабзавотчилик кластери фаолияти билан танишди, далада нуронийлар, қишлоқ хўжалик ходимлари билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга туманларни муайян экин турларига ихтисослаштириш юзасидан топшириқлар берилди. Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида кам таъминланган оилалар учун ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ташкил этилмоқда. Бугунги кунгача бу ерда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган 800 та иссиқхона қуриб битказилди. Мазкур лойиҳани кўриш чоғида Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлашда тизимли ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси - “DB Group Eco” фаолияти билан ҳам танишди. Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан тайёрланган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент вилоятда асаларичиликни ривожлантириш имкониятлари жуда катта эканлигига эътибор қаратди. Мазкур соҳани ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 10 минг тонна асал тайёрлаш ва қадоқлаш мажмуасини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Пандемия билан боғлиқ карантин шароитида баъзи бир корхоналарнинг фаолияти тўхтаб қолди ёки айримлари оғир иқтисодий ҳолатларга тушиб қолганлиги сир эмас. Тижорат банклари томонидан ана шу фаолияти қисман қисқарган ёки тўлиқ тўхтаган корхоналарга жами 1,3 трлн. сўмдан зиёд айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратиладиган бўлдики, бундан вилоят тадбиркорлари беҳад хурсанд бўлишди.

Янги иш ўринлари яратиш ва пандемия шароитида аҳолини қўллаб – қувватлаш давлатимиз бугунги иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Масалан, ташриф чоғида Наманган вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратилиши учун 300 млрд. сўм ресурс ажратишга қарор қилинди.

Наманган ўзининг ажойиб ҳунармандлари билан дунёга машҳур юрт ҳисобланади. Ташриф чоғида бу масала ҳам доимо кун тартибида турди. Ҳунармандлар билан маслаҳатлашган ҳолда Наманган шаҳридаги машҳур “Афсоналар водийси” истироҳат боғи ҳудудида 200 ўринга мўлжалланган “Ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо маркази” қуриладиган бўлди. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу марказ мамлакатимизда ўзига хос “Ҳунармандчилик ютуқлари кўргазмаси” га айланади ва соҳа ривожига катта ҳисса қўшади.

Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари вилоят, шаҳар ва туманлар вакиллари билан биргаликда ижтимоий масалаларни ҳам чуқур ўрганишди. Натижада вилоятдаги ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари учун қўшимча равишда 100 млрд.сўм миқдорида маблағ ажратишга қарор қилинди.

Мана, биргина Наманган вилоятига ташриф мобайнида иқтисодий мажмуа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган чора - тадбирларнинг қисқача баёни билан танишдингиз. Бошқа мажмуалар ҳам жуда кўп таклифлар тайёрлашди ва улар ҳам вилоятнинг долзарб ижтимоий – иқтисодий масалаларини ҳал этишга замин бўлиши маълум. Умумлаштириб айтганда, биргина Наманган вилоятига ташрифга тайёргарлик ва уни ўтказиш мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан 2020-2021 йилларда жами қиймати 16,3 триллион сўмлик 1953 та лойиҳа амалга оширилиб, 55 мингта янги иш ўрни яратиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Бу лойиҳаларни амалиётга жорий этиш Наманган вилоятининг ижтимоий – иқтисодий ривожланишига катта туртки беради ва аҳоли турмуш даражасини сезиларли равишда оширишга хизмат қилади.

Тўғри, тан олиш керакки, ривожланган давлатларда ижтимоий – иқтисо-дий жараёнларнинг ўзини ўзи бошқарадиган тизими яратилган ва биз ҳам келгусида шу йўлга ўтишимиз маълум. Бугун эса ташрифлар мобайнида Президентимиз вазирлик, идора ва ҳокимликлар раҳбарларини ана шундай тизим яратишга тайёрлаб бораётганлиги кўриниб турибди. Соддароқ қилиб айтганда, Президентимизнинг вилоятларга ташрифларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти вазирлик, идора ва ҳокимликлар раҳбарлари ва мутахассислари учун мамлакатни ижтимоий – иқтисодий бошқаришнинг Президент Шавкат Мирзиёев яратган замонавий усулларини ўрганишнинг ўзига хос мактаби вазифасини бажармоқда.

Тарихий тараққиётнинг айни босқичида ижтимоий – иқтисодий жараёнларни бошқаришнинг мазкур усули самарали ва ҳаётбахш эканлигини мамлакатимизнинг 2016 – 2020 йиллар мобайнидаги ривожланиш даражаси ва айниқса, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида эришаётган ижобий натижаларимиз яққол намоён этмоқда.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Ушбу мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, таҳририят ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар