Бухородаги қайси объектлар ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши мумкинлиги маълум қилинди

Бухородаги қайси объектлар ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши мумкинлиги маълум қилинди

Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тақдим этилмоқда. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар бермоқда.

Бухоро вилоятида айни пайтда 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Шундан, 287 таси археология ёдгорликлари, 507 таси архитектура объектлари, 17 таси монументал санъат ҳамда 18 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

Вилоят маданий мерос бошқармасининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси билан биргаликда Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институтини жалб қилган ҳолда “Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қорақум йўналиши” (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) чегералараро обидалари қаторида Бухоро вилоятида жойлашган Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси ва Чашмаи Аюб мақбараси архитектура объектлари ҳамда қадимги Пойкент, Варахша ва Вардонзе шаҳар қолдиқларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича халқаро мезонлар асосида номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Бу эса ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар сонининг ортишига ва республикамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонининг кўпайишига хизмат қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар