Бизнесни қўллаб-қувватлашдан банкларни хусусийлаштиришгача

Бизнесни қўллаб-қувватлашдан банкларни хусусийлаштиришгача

Илтимос, ХМКнинг Ўзбекистон молиявий секторидаги фаолияти ҳақида сўзлаб берсангиз

ХМКнинг Ўзбекистондаги асосий фаолият йўналиши инклюзив молиявий хизматларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Бизнинг молия ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз молиявий институтлар ва умуман молиявий тизимнинг мустаҳкамланишига кўмак берди. Ўзаро ҳамкорлик бизга ўзимиз алоҳида амалга оширишимиз мумкин бўлганга қараганда кўпроқ кичик ва ўрта корхоналарга (КЎК) ёрдам қилишга имкон берди. Масалан, "Ипак Йўли" АИТБ билан ва бизнинг узоқ муддатли ҳамкоримиз "Ҳамкорбанк" АТБ билан биргаликда биз кичик бизнесга маҳаллий валютада кредит ажратишни кўпайтириш устида ишламоқдамиз. Илгарироқ, март ойида биз "Ипак Йўли" АИТБ га валюта таваккалчиликларини самаралироқ бошқариш ва КЎК ни миллий валютада молиялаштиришни орттириш имконини берувчи келишувни имзоладик. Келишувга асосан, ХМК ва "Ипак Йўли" АИТБ Халқаро своплар ва деривативлар ассоциацияси (ISDA) билан бош келишувга асосан валюта своплари амалиётларини ўтказади. Бу банкка ўз ресурсларини хорижий валютада хедж қилиш (суғурталаш) ва ўз активлари ва пассивларини мувозанатини самаралироқ таъминлаш имконини беради.

Биз яқинда "Ипак Йўли" АИТБ ва "Ипотека-банк" АТИБ учун Ўзбекистондаги экспортчилар ва импортчиларни қўллаб-қувватлаш учун тижорий молиялаштириш линиясини тақдим этдик. Ҳозирда биз "ДАВР БАНК" ХАТБ учун микро-, кичик ва ўрта корхоналарни (МКЎК) ва аёл тадбиркорларни, ушбу корхонларнинг ўсишига ёрдам бериш ва янги иш ўринларини яратиш учун молиялаштириш мақсадида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳаллий валютада қарз беришга тайёргарликни якунига етказиш арафасидамиз. Ўзбекистонда биринчи бор ХМК аёллар бошқарувидаги ва қарамоғидаги корхоналарга алоҳида маблағ ажратмоқда.

Биз шунингдек, бизнесни кенг кўламли молиявий хизматлар ва керакли маблағлар билан таъминлайдиган рақобатбардош ва яхши капиталлашган хусусий банк секторини ривожлантиришга ҳам ёрдам бермоқдамиз. Ундан ташқари, биз ҳозиргина "Ипотека-банк" АТИБ билан 35 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги ўзбек сўмида банкни хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш ва КЎКни кредитлашни кўпайтириш мақсадида эътиборга молик келишувни имзоладик. Ушбу битим "Ипотека-банк" АТИБ банк амалиётларини тижоратлаштириш мақсадида сўнгги уч йилда трансформация қилиш ва тижорий рақобатбардош хусусий банкка айланиш бўйича амалга оширган улкан ишлари натижаси ҳисобланади.

Бизнинг Ўзбекистон Марказий банки (ЎМБ) ва молиявий институтлар билан ҳамкорликдаги маслаҳат лойиҳаларимиз норматив-ҳуқуқий базани ислоҳ қилиш ва расмий банк сектори томонидан етарлича хизмат кўрсатилмаётган аҳолини қамраб олиш мақсадида молиявий хизматлар соҳасида инновацияларни татбиқ қилиш устида иш олиб бормоқдалар. Ўзбекистонда яқинда чет эллик стратегик сармоядорлар ва маҳаллий банклар иштирокида таъсис этилган кредит бюроси сезиларли ютуқ ҳисобланади. Кредит бюросини ташкил этиш ҳукумат томонидан ХМК кўмагида амалга оширилган кредит маълумотлари тизими ислоҳотига асосланган. Замонавий кредит бюроси банкларни тўла-тўкис ва энг сўнгги маълумотларни етказиш бўйича ўта аҳамиятли институционал инфратузилма билан таъминлайди. Бу эса ўз навбатида сармоялар ҳажмини ошириш ва тижорат банклари маҳсулотлари ва хизматлари кўламини кенгайтириш учун имкониятлар очишда ёрдам беради.

Яна бир муҳим босқичга Жаҳон банки гуруҳи кўмагида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистонда рақамли молиявий хизматларни ривожлантиришга ёрдам берадиган тўлов тизимлари тўғрисидаги асосий қонун қабул қилиниши билан эришилди. Шу муносабат билан биз ЎМБ билан рақамли молиявий хизматлар соҳасида ислоҳотлар стратегиясини ишлаб чиқиш, "Ўз мижозингни бил" (KYC) масофавий услуби, агент-банклар, электрон пуллар, регулятив "қумдон" бўйича норматив ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек, аҳоли орасида рақамли молиявий саводхонликни ошириш устида ишламоқдамиз. ХМК шунингдек рақамли молиявий хизматлар ва молиявий технологиялар секторига сармоя киритиш учун имкониятлар яратишнинг бошланғич босқичида турибти. Биз яна масъулиятли молиявий инклюзивлик, молиявий муассасалар томонидан МКЎК ва жисмоний шахсларга тақдим этилаётган омонат маҳсулотлари ва самарали кредитлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш устида ишламоқдамиз.

Сиз "Ипотека-банк" АТИБ трансформациясини эслаб ўтдингиз. Ушбу лойиҳа ва ундаги ХМКнинг роли ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?

2016 йилда ҳукумат ХМКга бир неча давлат банкларини хусусийлаштиришга тайёрлашга ёрдам бериш бўйича мурожаат қилган эди. Биз 2017 йилдан бошлаб "Ипотека-банк" АТИБ билан ҳамкорликни бошладик ва унинг дастлабки хусусийлаштирилиши бўйича маслаҳат хизматларини тақдим этдик. Биз банкни баҳолашдан бошладик ва институционал трансформация учун мажмуавий режа ишлаб чиқдик. Ушбу жараён корпоратив бошқарув, таваккалчиликларни бошқариш ҳамда амалиёт тартиб-қоидаларида сезиларли институционал ўзгаришларни талаб этади. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси банкнинг тижорий фаолиятини пухта ўйланган бизнес-модел билан таъминлаш ва МКЎК қамровини ва чакана банк хизматларини кенгайтиришга қаратилган.

ХМК маслаҳатлари ва тавсиялари "Ипотека-банк" АТИБ да сезиларли ўзгаришларга олиб келди, банкнинг хусусийлаштиришдан олдинги трансформацияси эса хусусийлаштирилиши режалаштирилган бошқа давлат банклари учун энг яхши амалиёт модели вазифасини ўтаб берди. Мен ушбу жараёндаги ХМКнинг муҳим ролини алоҳида қайд этиб ўтишдан хурсандман. Бизнинг сармояларимиз банкнинг кейинги такоммилашишига ва унинг тижорийлаштирилиши ва хусусийлаштирилишини якунлашга туртки бўлади. КЎКларни молиялаштиришдан ташқари, "Ипотека-банк" АТИБ трансформацияси хусусий сармоядорларнинг Ўзбекистон банк секторида фаолроқ иштирок этишига ёрдам беради.

Давлат банкларининг хусусийлаштирилиши қандай қилиб мамлакат молиявий секторини яхшилайди?

Давлат банклари мамлакат банк секторидаги 50 фоизга яқин активларни ташкил этади. Давлат секторининг бундай фаоллиги бозорга салбий таъсир ўтказади ва Ўзбекистонга КЎК, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги каби мамлакатнинг муҳим иқтисодий соҳаларини молиялаштиришдаги бўшлиқларни йўқотишга ҳалал беради.

Шу муносабат билан, яқинда тасдиқланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси ҳукуматнинг сектордаги улушини камайтириш бўйича бўйнига олган мажбуриятининг далили ҳисобланади. Мамлакат Президентининг қарорига кўра, Ўзбекистон кейинги беш йил давомида олтита банкни давлат акциялари пакетини сотиш орқали тўлиқ хусусийлаштириш режалаштирмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон ҳозирда кучли банк секторини яратишнинг яхши салоҳиятига эга.

Хусусий капиталнинг давлат банкларига кириб келиши ва уларнинг тўлиқ хусусийлаштирилишининг уйғунлиги кредитлаш ҳажмини оширади ва банклар билан бирга уларнинг мижозларига ҳам фойда келтирувчи хусусий капитал, жаҳон тажрибаси ҳамда замонавий технологияларни жалб қилади. Жўшқин, самарали ва яхши капиталлаштирилган хусусий банк сектори камбағаллик даражасини пасайтиришга сабаб бўладиган сармоялар оқимини кучайтиради.

ХМК барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун асос яратувчи Ўзбекистондаги янгиланиш ва хусусийлаштиришнинг тарихий жараёнида кўтаринки руҳ билан иштирок этмоқда. Шунинг учун биз борган сари ҳам маслаҳатчи, ҳам сармоядор сифатида ушбу жараённи қўллаб-қувватламоқдамиз.

Банк секторида, "Ипотека-банк" АТИБ билан бирга биз КЎК ва ушбу соҳа ишчиларини молиялаштиришнинг стратегик ёндашувини ишлаб чиқиш бўйича яна "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБга ҳам маслаҳатлар бермоқдамиз. Ундан ташқари, биз яна ушбу банкни Марказий Осиёда яшил молиялаштириш имкониятига эга биринчи банк сифатида илгари суришга ҳам ёрдам бермоқдамиз. Ушбу маслаҳат дастури ҳозирда муҳокама қилинаётган йирик сармоялар учун асос ҳисобланади. Биз шунингдек ҳукуматга яна бир давлат банки "Туронбанк" АТБни хусусийлаштириш йўлларига оид стратегик қарашни шакллантиришда ёрдам бердик.

Банк секторига қўшимча равишда, бошқа халқаро молиявий институтлар билан бир қаторда биз кимёвий секторни хусусийлаштиришнинг давлат дастурини қўллаб-қувватламоқдамиз ва давлат-хусусий шериклиги лойиҳаларини ишлаб чиқмоқдамиз.

Яқинда Ипотека-банк ХМКнинг тижорий молиялаштириш бўйича глобал дастурига (GTFP) қўшилган тўртинчи ўзбек банки бўлгани ҳақида эълон қилинди. Илтимос, Дастур ҳақида ва банклар ундан қандай наф олишлари ҳақида ўртоқлашсангиз.

ОлдинХМКнинг тижорий молиялаштириш бўйича глобал дастури ҳақида икки оғиз сўз айтишга ижозат этинг. У ривожланаётган бозорлардаги банкларнинг тижорий мажбуриятлари бўйича кафолат бериш орқали таваккалчиликни камайтириш учун яратилган. Кафолатлар аниқ транзакцияга боғлиқ ва аккредитивлар, тижорат векселлари, қабул қилинган векселлар, кафолатлар, ариза ва бажариш шартлари бор облигациялар каби турли асосий қуроллар билан ҳамда аванс тўловлари кафолати билан кучайтирилиши мумкин. Кафолатлар ХМК мезонларига жавоб берувчи хусусий сектордаги барча савдо келишувларини қўллаб-қувватлашга берилиши мумкин.

Яқинда биз "Ипак Йўли" АИТБ ва "Ипотека-банк" АТИБгамаҳаллий компаниялар тижорий молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ва иқтисодиётни COVID-19 пандемиясидан ҳимоя қилишга ёрдам бериш мақсадида тижорий молиялаштириш линияларини тақдим этдик. Ундан ташқари, банкларнинг савдо-молиявий амалиётларининг кенгайтирилиши маҳаллий корхоналарни минтақавий ва халқаро савдо оқимларига қўшиш ва Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида савдо ҳажмини оширишга ёрдам беради.

ХМКнинг Ўзбекистондаги яна қандай тадбирлари COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган?

Биз ёрдамга муҳтож компанияларга ёрдам бериш учун имкон қадар тез жавоб беришга интиламиз. Пандемия бошлангандан сўнг қисқа муддат ичида биз COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш чора-тадбирлари доирасида молиявий ташкилотларга стресс-синовга ёндашувлари борасида вебинар ташкил этдик. Ушбу вебинар ХМК томонидан амалий ёндашув ва қуроллар тўпламини тақдим этиш, шунингдек, аввалги буҳронлардан ўрганилган дарслар билан танишиш мақсадида ташкил этилди ва бу мижозларимизгаўз бизнесларидаги муаммоларни аниқ баҳолашга ва бизнеснинг узлуксизлигини таъминлашнинг узоқ муддатли режасини ишлаб чиқишга имкон беради. Еттита маҳаллий банк қатнашчилар COVID-19 эпидемиясининг бутун дунё бўйлаб тарқалиши билан боғлиқ кутилаган қалтис ҳолатларга тайёр туришга оид ёндашув ва қуроллар билан танишиш имкониятига эга бўган виртуал сеансда иштирок этди. Ушбу вебинар сўнгида учта муассаса билан биргаликда биз, уларнинг стресс-синов соҳасидаги ва портфелни бошқаришдаги салоҳиятини яхшилашга ёрдам бериш ва бизнесни жонлантиришга оид мажмуавий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида чуқурлаштирилган маслаҳатлар муҳокамасини ўтказдик.

Келажакда биз савдо секторини молиялаштиришни давом эттиришда, хусусий компанияларга айланма капитални ва ўрта муддатли молиялаштиришни қўллаб-қувватлашда давом этишларига ёрдам бериш учун ҳозирда мавжуд қийинчиликлар туфайли таъминот занжирида узилишларни бошидан кечираётган бир неча маҳаллий молиявий муассасаларни молиялаштириш имкониятини ўрганиб чиқмоқдамиз.

Зиёда Ризаева,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар